Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Технологиялар 07/03/2024 Технологиялар оламида аёл энергияси: Beeline Uzbekistan’дан 10 та муваффақият тарихи
Технологиялар оламида аёл энергияси: Beeline Uzbekistan’дан 10 та муваффақият тарихи

Уларнинг муваффақият ҳақидаги ҳикоялари шаблонлар ва гендер стереотипларини яксон қилади — Beeline Uzbekistan машҳур фотосуратчи Гио Кардава билан ҳамкорликдаги лойиҳасида технология оламида аёл кучига янги истиқболни очади.

Аёлларнинг ҳаётидан 10 та мотивацион ҳикоя — муҳандислардан тортиб раҳбарларгача, мураккаб касблар, ёрқин қаҳрамонлар профессионал портрет суратчи Гио Кардаванинг объективида. Грузин фотосуратчининг портфолиосида журналлар ва жаҳон юлдузлари, жумладан Фредерик Бегбедер, Жон Малкович, Роберт Де Ниро, Кетрин Денев, Жерар Депардье ва бошқаларнинг суратлари киради.

Унинг теран ва ҳиссиётли портретлари қаҳрамонларнинг нафақат ташқи хусусиятлари, балки ички дунёсини ҳам ёритиб беради: «Ҳар бир съёмкамнинг аксарият қисми мулоқотдан иборат. Ушбу мулоқот жараёнида одамлар кўпинча янги қирраларини намойиш қилишади ва қизиқарли ҳикояларини айтиб беришади ёки ҳиссий жиҳатдан ҳаётий кечинмалари, қувонч ва қайғуларини баҳам кўришади. Мен табиатан қизиққонлигим сабабли деярли ҳар куни ҳар хил қизиқарли одамлар билан учрашиш бахтига муяссар бўлиб, савол бериш имкониятини қўлдан бой бермайман. Қаҳрамонлар билан яқиндан самимий танишиш имконияти мен учун ниҳоятда қадрли ва улар билдирадиган ишончи мутлақо бебаҳодир».

«Мен узоқ вақтдан бери Ўзбекистонга саёҳат қилишни орзу қилардим. Тарих ва санъат билимдони сифатида мени бой маданий меросга ва ўзига хос ранг-барангликка эга бу мамлакат доимо ўзига жалб қилган. Лойиҳамиздаги ишлар доирасида Ўзбекистонга ташриф буюришимга муваффақ бўлганимдан хурсандман. Бир қарашда ҳайратга келдим: бу ерда мени турли туман ранглар, текстуралар ва нақшлар қарши олди — бу портрет фотографи учун жуда муҳим. Афсуски, бу сафар бу ажойиб мамлакатдан тўлиқ баҳраманд бўлиш учун етарлича вақтим бўлмади, лекин ишончим комилки, бу ерга яна бир неча бор албатта қайтаман», — Гио Кардава Ўзбекистонга илк сафари ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

Тамила Искандарова, транспорт тармоқлари эксплуатацияси бўйича катта муҳандис

«Мен Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида Beeline транспорт тармоғи эксплуатацияси ва конфигурацияси бўйича мутахассисман. Менинг вазифаларим статистик таҳлил, маълумотларни тўплаш, мониторинг ва радиореле ускуналаридаги носозликларни бартараф этишни ўз ичига олади. Менинг ишим муҳим, чунки у фойдаланувчиларга тармоқдаги барча умумий ресурслардан фойдаланиш имконини беради.

Менинг касбим эркакларга хос касб ҳисобланади, аммо аёллар бу соҳада тобора кўпроқ муваффақият қозониб бормоқда. Муваффақиятга эришишда уларнинг сири хотиржамлик, совуққонлик ва топшириқларга оқилона ёндашувда. Қўрқув ва шубҳаларга берилмаслик, балки ўз-ўзига ва кучли жиҳатларига ишониш муҳимдир. Ўз кучига ишонган аёллар «тоғларни силжитиш» ва ҳар қандай, шу жумладан техник соҳада ҳам ажойиб натижаларга эришишга қодир».

Сакина Рашидова, мижозларга тезкор хизмат кўрсатиш бўйича бош мутахассис

«Жамоамдаги аъзоларимнинг ишини мослаштириш ва рағбатлантириш, кузатиш ва таҳлил қилиш менинг масъулиятларим ҳисобланади. Шунингдек, мен мижозлар билан ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва мураккаб вазиятларида ечим топиш билан машғулман. Менинг ишим сифатли хизмат кўрсатиш ва жамоамнинг унумдорлиги ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Технологик компанияларда аёлларга қаратилган «тимбилдинг» ва ривожланиш бўйича тренингларни тез-тез ўтказиш керак. Бу уларга тажриба алмашиш, бир-биридан қувват олиш ва муваффақиятга эришган ҳамкасблар мисолида илҳомланишга имкон беради. Бундай муҳитдаги аёллар бир-бирларини ривожлантиришга туртки бўлиши мумкин, натижада бундай учрашувлар ниҳоятда қадрли бўлади».

Алина Акчурина, этика ва комплаенс хизмати раҳбари

«Мен компаниянинг ичида ҳамда ташқи ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда юқори даражада ахлоқий иш юритишни таъминлаш ва ривожлантиришга ёрдам бераман. Ишимнинг ўзига хос хусусиятлари асосан мураккаб вазиятларни ўз ичига олса-да, лекин шунга қарамай, катта қизиқиш уйғотади.

Ҳар қандай оғир вазиятда мен ривожланиш учун имкониятларни кўраман. Асосийси, чақирувларга ўз вақтида ва профессионал тарзда амал қилиш. Менинг ишим бутун компания учун кенг кўламли натижаларни келтирганида, мен ниҳоятда ғурурланаман. Шундай ютуқлар қаторига компанияда коррупцияга қарши кураш тизими йўлга қўйилганлигини тасдиқловчи ISO 37001:2016 сертификатини олиш киради.

Юлия Тян, хизмат кўрсатиш платформалари ва VAS тизимларини режалаштириш бўйича мутахассис

«Мен Beeline Uzbekistan’да SMS ва USSD хизматларини, шунингдек, 2/3/4/5G/VoLTE’ни қўллаб-қувватлаш платформаларини ишлаб чиқяпман ва ишга туширяпман.

Мен ҳар қандай қийинчиликни ривожланиш учун имконият сифатида қабул қиламан. Улар менга ҳам касбий маҳоратларим, ҳам шахсий фазилатларимни ривожлантиришга ёрдам беради. Тўсқинликка дуч келганимда, таслим бўлмайман. Мен сабабларни таҳлил қиламан, ҳаракатлар режасини тузаман ва уларни ҳал қилиш учун реал муддатларни белгилайман.

Компаниялар тобора гендер стереотипларидан холи иш муҳитини яратиб бораётганидан хурсандман. Бундай шароитда аёллар эркаклар билан бир сафда етакчилик қилиши, ажойиб ғояларни амалга ошириши ва лойиҳаларни олға суриши мумкин. Келажакда техник жамоаларда қизлар сони янада кўпайиб боради, деб умид қиламан».

Тамара Насирова, корпоратив самарадорлик бўйича офис раҳбари

«Менинг ишим стратегик режалаштириш, корпоратив KPI’ларни режалаштириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишдир. «Performance Management», бу бизнес-жараёнларнинг самарадорлигини максимал даражада ошириш ва мақсадларга эришиш имконини берадиган ташкилотнинг иш фаолиятини бошқаришга тизимли ёндашув. Диққатлилик, пунктуаллик ва танқидий фикрлаш ишимнинг ўта муҳим жиҳати ҳисобланади. Рақамлар билан ишлаш, хато қилиш имкониятига йўл қўймайди.

«У аёл киши-ку, нима ҳам қила оларди?» – афсуски, технологик соҳада аёлларга нисбатан бундай бепарво муносабат ҳали ҳам учраб турибди. Ушбу маданиятни ўзгартириш осон эмас, лекин бунинг имкони мавжуд. Хотин-қизлар ташаббусларини компания даражасида қўллаб-қувватлаш бу борадаги муҳим қадамдир. Ушбу соҳада муваффақиятга эришмоқчи бўлган аёллар нима қилишлари керак? Асосийси, ичидаги оловни йўқотмаслик! Агар сизда мақсад ва унга эришиш истаги бўлса, муваффақият йўлидаги барча тўсиқларни ёқиб юборадиган оловингизни топинг!»

Екатерина Цой, Тўғридан-тўғри ва стратегик харидлар бўлими бошлиғи

«Мен Beeline’нинг стратегик лойиҳалари учун асосий товар ва хизматларнинг логистикаси билан шуғулланаман. Бу шуни англатадики, мен телеком соҳасидаги етакчи раҳбарлар билан алоқада бўлиб, иқтисодий жиҳатдан асосли инвестицияларни амалга ошириш учун шартномалар тузаман. Биз бизнеснинг эҳтиёжларига қараб, дунёнинг турли мамлакатларидан товарлар етказиб берамиз.

Харид бўйича мутахассисларнинг иши бизнес жараёнларининг иқтисодий самарадорлиги учун жуда муҳим, бунда жинснинг аҳамияти йўқ. Beeline Uzbekistan’да ҳеч қачон дискирминацияни ҳис қилмаганман. Албатта, баъзида бундай ҳолатлар билан кундалик ҳаётда, масалан, йўлларда дуч келишимиз мумкин. Мен компанияда аёллар салоҳиятини рўёбга чиқариш учун жуда кўп имкониятларни кўряпман, шунинг учун қиз ва аёллар учун янада ажойиб ва амбицияли лойиҳаларни тилайман.

Аёлларга асосий маслаҳатим: ўзингизга эътибор беринг, ўз қобилиятингиздан шубҳаланманг! Сизнинг қадриятларингиз — ўзингиз, билимингиз, тажрибангиз, аҳволингиз, қувватингиз, орзуларингиз ва жудо қилиб бўлмайдиган бошқа фазилатларингиз.»

Шоира Шамансурова, ички назорат ва рискларни бошқариш хизмати раҳбари

«Менинг ишим хавфларни батафсил таҳлил қилиш ва баҳолаш, бизнес жараёнларининг стандартларга мувофиқлигини назорат қилиш, уларни оптималлаштириш ва янгиларини жорий этишдан иборат. Шунингдек, мен ички тартиб-қоидаларнинг қонунчилик ва тасдиқланган сиёсатга мувофиқлигини текшириш, лойиҳаларда рисклар бошқарувини режалаштириш, ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини мониторинг қилиш ва вазифаларнинг бажарилишини тезкор таҳлил қилиш билан шуғулланаман.

Менинг ишим компанияга қийинчиликларни ўз вақтида ҳал қилиш ва бизнес стратегиясини ўзгартиришга ёрдам беради. Мен лойиҳаларни буюртмачи томонидан белгиланган муддатда якунлаш, ички мижознинг эҳтиёжларини қондириш — мақсадларига эришиш ва компанияга фойда келтириш учун ишларни ташкиллаштираман.

Менинг лавозимимда жинс омили роль ўйнамаслигига ишончим комил. Асосийси, кўникма, тажриба, қатъият ва ўзгаришларга тайёрлик».

Кристина Решетова, маркетинг бўйича директор

«Мақсадимиз шунчаки маҳсулотларни таклиф қилиш эмас, балки уларни якуний истеъмолчи учун ёқимли ва қулай қилишдир. Шу тарзда, маркетинг нафақат мижозларнинг ҳозирги эҳтиёжларини қондиришга, балки инновацион ечимларни яратиш, уларнинг ҳаётини янада қулай ва мобил алоқа соҳасидаги маҳсулотларимиз билан боғлашга ёрдам беради.

Мақсадга интилувчанлик, қатъият ва бошлаган ишни охирига етказиш ҳар қандай соҳада муҳим аҳамиятга эга. Мен профессионаллик жинсга боғлиқ эмаслигига, ҳамда ишдаги муваффақият инсоннинг маҳорати ва фазилатларига боғлиқлигига ишонаман. Мен ҳар доим ўз ишимни максимал даражада профессионал ва самарали бажаришга ҳаракат қиламан. Шунинг учун ҳам технологик соҳада жинсга оид барча стереотиплар дарҳол йўққа чиқади.

Beeline Uzbekistan компаниясида жинси, миллати ва бошқа омиллардан қатъи назар, ҳар қандай ходимнинг ривожланиши учун барча шароитлар яратиб берган».

Шаҳло Усмонова, ESG ва CSR лойиҳалари бўйича катта менежер

«Менинг ишим инвестор компания, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ўртасида алоқа ўрнатишдан иборат. Биз ESG стратегияси доирасида жамиятнинг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, IT-таълимни ривожлантириш ва экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширамиз. Менинг вазифам шундай лойиҳаларни амалга ошириш ва мувофиқлаштиришдир.

Бир неча йил олдин гендер роллари ҳақидаги стереотиплар аёлларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари соҳасида ишлаши одамлар идрокига таъсир қилиши мумкин эди. Хотин-қизларнинг ижодий қобилиятлари яхшироқ ривожланганлиги ва уларнинг ишга мослашувчанлигини ҳисобга олсак, улар ҳар қандай соҳалар учун мос ходимлар эканлигига шубҳа қолмайди. Барча ташкилотларга аёлларни кўпроқ жалб қилиш ва иш ҳақи тенглигини таъминлаш керак.

Технологиялар соҳаси жадал ривожланмоқда. Бу соҳада муваффақиятга эришмоқчи бўлган аёллар доимо илмга чанқоқ бўлиши, ижодий ва креатив фикр юритиши, технологик тендецияларга амал қилиши муҳим».

Диёра Матмусаева, савдо офисининг савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича катта мутахассиси.

«Мен Фарғона шаҳридаги Beeline Uzbekistan офисида савдо ва хизмат кўрсатиш бўйича катта мутахассисман. Менинг ишим шикоят қилувчи мижозлар билан ишлаш, шунингдек, мижозларни компания маҳсулотлари билан таништиришдир.

Мен Beeline Uzbekistan компаниясида 7 йилдан ортиқ ишлаб келмоқдаман. Бу вақт ичида мен ҳар қандай муаммоларни ишончли ҳал қилиш имконини берадиган кўплаб тажриба ва билимларни орттирдим. Beelineъга келган аёлларни ҳар доим жамоа қўллаб-қувватлайди, бу эса уларнинг салоҳиятларини кенгайтиришга ёрдам берадиган.

Бизнинг ишимизда эркак ёки аёл кишимисиз — аҳамияти йўқ. Асосийси, мижозларга хизмат кўрсатиш кўникмалари, инсонпарварлик, стрессга чидамлилик, хушмуомалалик ҳамда ўз ишингизни билишингиз. Биз ҳар бир фойдаланувчи учун алоҳида ёндашув билан барча хизматлар ҳақида тушунча бериб, уларни улаймиз ва фаоллаштирамиз».

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг