Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 22/06/2017 Тайёрлов курси тингловчилари имтиҳонсиз талаба бўлиш имконини қўлга киритишди
Тайёрлов курси тингловчилари имтиҳонсиз талаба бўлиш имконини қўлга киритишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 20 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) Узлуксиз таълим марказининг тайёрлов курси тингловчилари ўртасида якуний имтиҳонларни ўтказди. Имтиҳон натижаларига кўра энг яхши тингловчилар IUTга имтиҳон топширмасдан кириш имконини қўлга киритишади.

IUT нинг Узлуксиз таълим маркази ёшларни олий таълим муассасаларининг кириш имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. Бугунги кунда IUT Узлуксиз таълим маркази математика, физика ва инглиз тили фанлари бўйича тайёрлов курсларини таклиф қилади.

Марказ тажрибали ҳамда юқори малакали ўқитувчиларни жалб қилиб, таълим жараёнини қаттиқ назорат қилади. Ҳар триместрда тингловчилар оралиқ имтиҳонларини топширадилар ва фақатгина аълочи тингловчилар ўз ўқишларини давом эттирадилар.

Узлуксиз таълим маркази менежери Амирулла Абдуллаевнинг қайд этишича, ўтган йили бир ва икки йиллик тайёрлов курсларига 370 нафар ўғил-қизлар рўйхатдан ўтишган, аммо улардан фақатгина 118 нафаригина якуний имтиҳонларда қатнашиш имкониятига эга бўлишган. Шунинг ўзи ҳам марказ битирувчиларнинг сонига эмас, сифатига эътибор қаратишини кўрсатиб турибди.

Амирулла Абдуллаевнинг қайд этишича, имтиҳонлар математика ва физика фанларидан ўтказилган. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг “Логистика” факультетига ўқишга киришни истаган айрим тингловчилар фақатгина математика фанидан имтиҳон топширишган. Топшириқларни бажариш учун тингловчиларга ҳар бир фан учун бир соатдан вақт ажратилган эди.

Ҳудди IUT га кириш имтиҳонлари каби якуний имтиҳонлар ҳам Корея Республикасидаги Инҳа университети мутахассислари томонидан ўтказилади. Имтиҳон саволлари Жанубий Кореяда тайёрланиб, Ўзбекистонга имтиҳондан бир кун аввал олиб келинади.

60 фоиз ва ундан юқори балл тўплаган ёки якуний имтиҳонлар бўйича энг яхши тингловчиларнинг 30 фоизи қаторидан ўрин олганлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабасига айланадилар. Бундан ташқари улар кириш имтиҳонларида иштирок этиб, грант ўринлар учун курашиб кўришлари мумкин.

Якуний имтиҳонларда иштирок этган лицей ва коллежларнинг биринчи ва иккинчи босқич ўқувчилари аввалдан Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабасига айланиш имконини қўлга киритадилар. Мазкур ўқувчилар университетга лицей ёки коллеждаги ўқишни битиришлари тўғрисидаги дипломни олганларидан сўнг қабул қилинадилар.

Қайд этамиз, 2016 йили IUT нинг Узлуксиз таълим маркази тайёрлов курсларининг 82 фоиз тингловчилари якуний имтиҳон натижаларига кўра талаба бўлишди. Бунда 61 фоиз тингловчилар IUT га ўқишга киришди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг Узлуксиз таълим маркази бу йил мазкур кўрсаткичнинг юқори бўлишига умид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 20 июнь куни топширилган имтиҳон жавоблари жорий йилнинг 30 июнь куни эълон қилинади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг