Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 01/06/2018 «Tashkent Сity» ХИМ тўлиқ ишга туширилишига 4 йил кетади
«Tashkent Сity» ХИМ тўлиқ ишга туширилишига 4 йил кетади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- «Tashkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази обьектларини лойиҳалашдан тортиб тўлиқ ишга туширишга қадар бўлган бутун жараён 4 йил ичида тугаши лозим. Бу ҳақда «Tashkent Сity» ХИМ Дирекцияси Матбуот хизмати хабар беради.

«Tashkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази (ХИМ) сўнгги ўн йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган энг йирик шаҳарсозлик лойиҳасидир. У Тошкент шаҳрининг Ислом Каримов, Фурқат, Навоий ва Олмазор кўчалари оралиғидаги 80 гектарлик ҳудудда қад ростлайди.

«Tashkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш ва тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигида вазирлик ва идоралари мутасаддиларидан иборат «Tashkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази Маъмурий кенгаши ташкил этилди. Шу билан бир қаторда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Tashkent city» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси” ДУК (кейинги ўринларда – Дирекция) иш бошлади.

«Tashkent Сity» халқаро ишбилармонлик марказига қуйидаги вазифалар юклатилди:

1. Лойиҳанинг умумий архитектура, тижорий ва ижтимоий концепциясини ишлаб чиқиш.

2. Умумий инфратузилмани лойиҳалаш ва қуриш, ХИМнинг умумий фойдаланиладиган ҳудудлари ободонлигини таъминлаш.

3. Инвесторларни лойиҳага жалб қилиш.

4. Зиммасидаги мажбуриятларни ўз вақтида бажариши учун инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

5. Дирекция ҳамда инвесторлар томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишларини умумий режалаштириш ва мувофиқлаштириш.

6. ХИМ объектларини фойдаланишга топширишнинг босқичма-босқич режасини тайёрлаш. Лойиҳа якунланганидан сўнг ХИМ ҳудудини бошқариш ва ундан фойдаланиш концепциясини ишлаб чиқиш.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун «Tashkent Сity» ХИМ Дирекцияси халқаро даражада салоҳиятга эга экспертлар гуруҳини йиғди. Улар орасида:

“ARUP” (Буюк Британия) – архитектура концепцияси муаллифи;

“Cushman and Wakefield” (АҚШ) – тижорий концепция муаллифи;

“SF Landscape Architecture” (Италия) – ландшафт концепцияси муаллифи;

“Prime Tower Group” (Ўзбекистон) – бош лойиҳачи;

“Discover Invest” (Ўзбекистон) – бош пудратчи ва бошқа компаниялар бор.

«Tashkent Сity» ХИМ Дирекцияси PMI* стандартлари асосида “лойиҳани бошқариш офиси” дея ном олган ўзининг ички бўлинмасини ташкил этди. Лойиҳани бошқариш офисида етук маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ишламоқда. Дирекция лойиҳани ташқи бошқарувга эмас, ички бошқарувга бериш йўлидан борди. Бу эса маҳаллий кадрларга йирик халқаро лойиҳаларни бошқариш малакасига эга мутахассислар билан бир жамоада ишлаб, улкан тажриба тўплаш имконини беради.

Лойиҳа мукаммал концепцияси «Tashkent Сity» ХИМни нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг энг жозибали иқтисодий-ижтимоий марказларидан бирига айлантириши мумкин.

Концепциянинг ғояси жуда содда – «Tashkent Сity» ХИМ ҳудудида бўлиб турган исталган мамлакат фуқароси ўзини худди уйидагидек эркин ҳис этиши, шу билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг бетакрор колорити ва кўп асрлик тарихини ҳам туйиши керак.

«Tashkent Сity» ХИМ пойтахтнинг бизнес ва жамият, чет эл тадбиркорлари ва маҳаллий мутахассислар, сайёҳлар ва Тошкент аҳолисини бирлаштирадиган энг асосий марказига айланиши лозим.

Мутахассисларнинг фикрича, фаолиятни тўғри режалаштириш ва ишга комплекс ёндашув лойиҳа муваффақиятининг гарови бўлади.

Лойиҳага комплекс ёндашув доирасида ташланган илк қадам «Tashkent Сity» ХИМнинг Батафсил Лойиҳалаш Режаси (БЛР) бўлди (БЛРдан кўчирма 1-иловада келтирилган). БЛР ва БЛРга илова тарзида ишлаб чиқилган “Мастер Режа” Давлат архитектура ва қурилиш давлат бошқармаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланган.

Ўзбекистоннинг шаҳарсозлик анъаналарини ҳисобга олиб, «Tashkent Сity» ХИМнинг архитектура концепциясида табиат ва замонавий урбанистик ғоялар уйғунлиги, айниқса, тадбиркорлик фаолияти ва яшил шаҳар мутаносиблигига алоҳида урғу берилган.

Лойиҳага асосан «Tashkent Сity» ХИМда:

- ерости автотураргоҳларига эга “А” тоифадаги тураржойлар;

- болалар боғчаси, халқаро мактаб ва СПА-марказлар;

- 181008 м2 майдонда савдо маркази;

- бир нечта кўп функцияли баланд бинолар;

- беш юлдузли меҳмонхона, конгресс-холл ва кўргазмалар маркази;

- 4 та кўпқаватли офис биноларидан иборат Молия маркази;

- эски шаҳар услубида, икки четига кам қаватли бинолар тушадиган пиёдалар кўчаси қурилади.

Лойиҳанинг юрагида эса нафақат «Tashkent Сity» ХИМнинг резидентлари, балки пойтахтнинг барча аҳолиси ва меҳмонлари учун очиқ яшил парк қурилади. Ҳозирги пайтда парк ҳудуди ва жамоат жойлари концепциясини яратиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бу концепция нафақат ландшафт дизайнини, балки, биринчи навбатда, Тошкентнинг аньаналари ва ижтимоий майдонларни дастурлашдаги замонавий тенденцияларни қамраб олади.

«Tashkent Сity» ХИМ Дирекцияси учун тарихий меросимизни сақлаб қолган ҳолда янги шаҳар муҳитини яратиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, «Tashkent Сity» ХИМ ҳудудида жойлашган "Эшонзодалар сағанаси" ва бошқа тарихий ёдгорликларни сақлаб қолиш ва архитектура концепциясига интеграция қилиш режаси амалга оширилмоқда.

Қурилиш обьектларини лойиҳалашдан тортиб тўлиқ ишга туширишга қадар бўлган бутун жараён 4 йил ичида тугаши лозим. Лойиҳа икки босқичга бўлинади: биринчи навбатда меҳмонхона ҳамда конгресс-холл, туражойларнинг бир қисмини ҳамда автотураргоҳни ишга тушириш режалаштирилган (2,5 йил).

Энг асосий эътибор конгресс-холл қурилишига қаратилган бўлиб, бу ерда бинонинг пойдеворини қуриш ишлари бошлаб юборилган. Бошқа ҳудудларда аҳолини кўчириш ва мавжуд биноларни бузиш ишлари якунланмоқда. Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги кўчириладиган оилаларни турар жой билан таъминлаш вазифасини ўз зиммасига олган. Инвесторлар ажратилган участкаларда бинолар ва инфраструктурани батафсил лойиҳалаш ишларини бошлаган.

«Tashkent Сity» ХИМ аввалбошданоқ сифатли девелоперлик лойиҳаларига сармоя киритига иштиёқманд инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

«Tashkent Сity» ХИМ Дирекцияси Ўзбекистон Республикасига сармоя киритиш ниятидаги барча фуқаролар ва ташкилотлар билан ҳамкорликни давом эттириб, «Tashkent Сity» ХИМ доирасида ҳамкорлик қилишнинг иложи бўлмаган тақдирда, чет эллик саромоядорларни мамлакатнинг бошқа сифатли инвестицион лойиҳаларига йўналтирмоқда. Дирекция бу борада инвестицияларни жалб қилишга масъул давлат органлари ҳамда шаҳар ҳокимияти билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. «Tashkent Сity» ХИМ бугунги кунга келиб, ҳақли равишда чет эл инвесторлари учун Ўзбекистонга кирувчи дарвозага айланди.

2018 йилнинг июнь ойидан бошлаб «Tashkent Сity» ХИМ Дирекцияси ҳар ой маҳаллий ҳамда чет эл ОАВлари учун пресс-конференциялар ўтказишни режалаштирган. Яқин орада Сиз пресс-конференцияни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида маълумотга эга бўласиз.

* Лойиҳаларни бошқариш институти (Project Management Institute, PMI) – лойиҳаларни бошқариш бўйича ҳалқаро нотижорат профессионал ташкилот ҳисобланади.

PMI лойиҳаларни бошқариш соҳасида меъёрларни ишлаб чиқиш, тадқиқотларни олиб бориш, таълим бериш, мақолалар, журналлар, китоблар чоп этиш, минтақавий бўлимлар ўртасида ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш, конференция ва ўқув семинарларини ўтказиш, шунингдек, аккредитация қилиш ишларини амалга оширади. Мазкур институт 1984 йили "Лойиҳа бошқаруви профессионали” " (Project Management Professional, PMP) мақомини берувчи илк сертификатлаш дастурини ишга туширди. Кейинчалик мазкур сертификатлаш дастури PRINCE2 сертификацияси билан бир қаторда лойиҳаларни бошқариш стандартларидан бирига айланди. 2007 йили ушбу сертификация ANSI/ISO/IEC 17024 стандартига асосан Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот (ISO) аккредитациясини олди. 2015 йилги маълумотларга кўра, 660.000 нафардан ортиқ киши киши PMP даражасини олган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг