Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 10/08/2017 Тараққиётнинг муҳим омили
Тараққиётнинг муҳим омили
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Эркин Холматов, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзоси: Эркин иқтисодий зона — бу минтақадаги муайян чегарадан ва бошқа ҳудудларидан алоҳида юридик мақомга эгалиги ҳамда миллий ва хорижий тадбиркорлар учун имтиёзли иқтисодий шарт-шароитлар яратилганлиги билан фарқ қиладиган ҳудуддир. Уни тузишдан мақсад энг аввало – мамлакатни ёки алоҳида олинган ҳудудни стратегик ривожлантиришга доир вазифаларини, яъни ташқи савдо, умумиқтисодий, ижтимоий, ҳудудий ва илмий-техник масалаларни ҳал қилишдан иборат бўлади.

Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори, Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар фаолиятида тўпланган тажриба уларни жадал ривожлантириш ва самарали фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар ва ҳал этилмаган масалалар жуда аниқ тарзда баён қилингани ва энг муҳими эркин иқтисодий зоналар фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари аниқ белгилаб қўйилганлиги билан ниҳоятда муҳимдир.

Қарорда эркин иқтисодий зоналарни ихтисослаштириш бўйича аниқ принцип ва ёндашувлар, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича юқори технологияли замонавий корхоналар ташкил этиш, бандлик масаласи, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича энг қулай шароитлар яратиш каби муҳим иқтисодий масалаларнинг аниқ ечимлари кўрсатилганлиги эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналарининг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

Сағиндиқ Турманов, O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси:

Давлат ўзида эркин иқтисодий зоналарни ташкил этар экан, энг аввало хорижий капиталини, ишлаб чиқаришнинг илғор технологияларини, товарлар ва хизматларини тўғридан-тўғри жалб қилиш, экспорт базасини ривожлантириш, импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш, менежмент ва меҳнатни ташкил қилишнинг янги усулларини амалда қўллаш мақсадларини кўзлайди.

Эркин иқтисодий зонага пул тиккан инвесторларни эса ишлаб чиқаришни истеъмолчига яқинлаштириш, экспорт ва импортга бўлган божхона пошлиналари билан боғлиқ бўлган сарф-харажатларнинг камайтирилганлиги, инфратузилманинг яқинлиги, нисбатан арзон бўлган ишчи кучидан фойдаланиш имкониятлари, маъмурий тўсиқларнинг камлиги, ҳудудни ривожлантириш масалалари қизиқтиради.

Бинобарин, эркин иқтисодий зоналарнинг хўжалик юритиш шакллари, ташкил этилишининг ҳамда миллий иқтисодиётга уйғунлашувининг даражаси, тақдим этилган имтиёзлар тизимига қараб тавсифланиши алоҳида аҳамиятга эгадир.

Президентимизнинг “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарни аниқ тавсифлаш билан бирга, уларни кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб юқори малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида урғу берилмоқдаки, бу масалаларни ҳал этилиши ҳам давлат, ҳам инвесторнинг эркин иқтисодий зонани ташкил этиш ва унга сармоя киритиш борасидаги мақсадларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Акром Алимов, Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш бўлими мудири:

Президентимизнинг “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ эркин иқтисодий зоналар йўналишларини мувофиқлаштириш ва комплекс равишда ҳал этишни таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси хизмати таркибида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилиб, идоралараро ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилмоқда.

Бу энг аввало, таклиф этилаётган муайян лойиҳа таклифларини тезкор кўриб чиқиш ва келишилган қарорлар қабул қилиш, қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш, лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, объектларни ишга тушириш ва якуний мақсадга эришишда, уларни сифатли ташкил қилиш, мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, эркин иқтисодий зона иштирокчилари хўжалик юритиш субъектлари молия-хўжалик фаолияти самарадорлигини доимий мониторинг қилиш, уларга юзага келадиган масалалар ва муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришда тезкорликни таъминлайди.

Ушбу комиссиялар истиқболли ҳамкорлик бўйича хорижий мамлакатларни аниқлаган ҳолда, ҳар бир эркин иқтисодий зона бўйича тармоқ жадвали ва "йўл хариталари" устида пухта ишлашларига тўғри келади.

O‘zLiDeP ўзининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорда белгилаб берилган вазифаларнинг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ижро этилиши устидан таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини олиб бориши керак, деб ҳисоблайман.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг