Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 29/04/2023 Таълим сифати ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ўртасидаги боғлиқлик
Таълим сифати ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ўртасидаги боғлиқлик

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан таълим сифати ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ўртасидаги боғлиқлик таҳлил қилинди.

Таълим сифатини ифодаловчи кўрсаткич учун абитуриентларнинг 2022/2023 ўқув йили учун ОТМга кириш имтиҳонларида тўплаган баллари асос қилиб олинди. Аҳоли даромадлари, ишсизлик ва бандлик, мактабгача таълимнинг қамрови ва урбанизация даражаси эса ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг асосий кўрсаткичлари сифатида олинди. Таҳлил ҳудудлар бўйича амалга оширилди. 

Таҳлил натижалари ҳудудлар бўйича ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва аҳоли саводхонлиги кўрсаткичлари ўзаро боғлиқ эканлигини кўрсатди.

Жумладан, умумий даромаднинг аҳоли жон бошига улуши, бандлик даражаси, 1-6 ёш оралиғидаги болаларнинг мактабгача таълим ташкилоти билан қамраб олиниши кўрсаткичлари паст ҳудудларда кам балл (56,7 балл - тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизи) тўплаган абитуриентлар улуши катта (корреляция коэффициентлари мос равишда -0,41; -0,45 ва -0,39). 

Мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида урбанизация муҳим аҳамият касб этади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарининг шаҳарларда жойлашиши уларда доимий иш ўринларининг яратилиши ва фаровонликнинг қишлоқлардагига қараганда юқори бўлишига хизмат қилади. Бу эса уларда ижтимоий кўрсаткичлар, жумладан таълим сифатининг ҳам юқори бўлишини таъминлайди. Натижалардан кўриш мумкинки, шаҳарлар бўйича битирувчиларнинг ўртача бали 78,0 ва бошқа ҳудудлар бўйича 73,2 ни ташкил этган. 

Маълумот учун: «Янги Ўзбекистон» массивларида уй-жой қурилиши ва 2023-йил учун ипотека дастурини амалга ошириш бўйича устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселекторда қатор вазифалар белгиланди. Улар ҳудудларда урбанизация даражасини оширишга хизмат қилади.

Таҳлиллар Навоий, Нукус ва Бухоро шаҳарлари ўрта ва ўрта махсус таълим сифати бўйича мамлакатнинг бошқа ҳудудлари учун намунавий ҳудудлар бўла олишини кўрсатди. Бу шаҳарларда жорий йил битирувчиларнинг ўртача бали 89,9-94,3 оралиғида бўлган. Кейинги ўринларни Бухоро вилоятининг Қоракўл (89,6) ва Пешкў (88,6) туманлари банд этган. Таъкидлаш лозимки, битирувчиларнинг ўртача бали ва аҳоли даромадлари ҳамда мактабгача таълим билан қамров даражаси ўртасида боғлиқлик кузатилди (корреляция коэффициентлари мос равишда 0,53 ва 0,63).

Жорий йил битирувчилари кесимида Бухоро вилояти таълим сифати бўйича етакчи ҳудуд бўлиб, вилоят битирувчилари кириш имтиҳонларида ўрта ҳисобда

85,6 балл тўплаган. Шунингдек, Навоий, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида вазият бошқа ҳудудлардагига қараганда яхшироқ. Бу ҳудудларда битирувчиларнинг ўртача тўплаган бали 77,0-83,4 оралиғида бўлган. Сирдарё, Сурхондарё, Андижон ва Тошкент вилоятларида эса ўртача балл 69,5-72,7 ни ташкил этган.

Бундан ташқари, таҳлил таълим йўналишлари кесимидаги тафовутлар юқорилигини ҳамда баъзи муҳим соҳаларнинг жозибадорлигини ошириш лозимлигини кўрсатди. Давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентлар тўплаган ўртача ўтиш балининг энг юқори кўрсаткичи ҳуқуқ (177 балл), иқтисод (160 балл), гуманитар фанлар (158 балл), соғлиқни сақлаш (157 балл), санъат (154 балл) соҳаларига тўғри келган бўлса, энг паст кўрсаткичлар ирригация ва мелиорация (92 балл) ҳамда қишлоқ хўжалик техникаси (93 балл) соҳаларида қайд этилган. 

Олинган натижалар кундалик ҳаётдаги муаммолардан тортиб, ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги камчиликларгача, барчасини илмга сармоя киритиш орқали ҳал этиш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг