Божхона органлари томонидан мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини ундириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда чек қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Буни биргина Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2021 йилнинг январь-май ойлари мобайнида бошқарма томонидан 5,1 трлн. сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилишига эришилди.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан салкам 4 трлн. сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.
Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг қисмлари,технологик асбоб-ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, тиббиёт асбоб-ускуналари ҳамда маиший-техника ва уларнинг қисмлари ташкил этди.
Шунингдек, бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 389,3 млрд. сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди.
Бу эса тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда.
Масалан, жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида 589,8 млн. АҚШ долларига тенг бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди.
Мазкур кўрсаткич 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 103,4 млн. АҚШ $ ёки 21,2 %га ошди.
Товарлар 30 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Россия, Афғонистон, Туркия, Хитой ва Қозоғистон давлатлари ҳисобига тўғри келмоқда.
Экспорт қилинган асосий товарлар: тўқимачилик, металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, электроника ва уларнинг қисмлари, калава ип, озик-овкат ва мева-сабзавот махсулотлари ҳисобига тўғри келмоқда.
Божхона постларида жами 27 640 та божхона кўриги жараёнлари амалга оширилиб, 126 275 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.
Божхона юк декларацияларини Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, декларацияларнинг 33 854 таси, яъни (27 %); “яшил йўлак”, 61 368 таси (48,5 %) “сариқ йўлак”, 31 053 таси (24,5 %) “қизил йўлак” тартибида расмийлаштирилган.
Бошқармада божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, ҳисобот даврида 974 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, натижада 131,9 млрд. сўмлик товар-моддий бойликларнинг вақтинча сақловга олинди.
Аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 26,4 млрд. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 31 та ҳолатда 24 кг. 649,14 гр., хусусан, 8000 дона “трамадол” гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Психотроп ва кучли таъсир этувчи, захарли ва захарловчи моддаларни ноқонуний айланиши билан боғлиқ 6 та ҳолатда 5 722 дона психотроп ва 2 кг. 97,13 гр. кучли таъсир қилувчи моддалар ушлаб қолинди.
Бундан ташқари, стратегик аҳамиятга эга товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмаси йўналишида 4 та ҳолатда 93 880 қути тамаки маҳсулотлари, 19 та ҳолатда 3 млрд. 884,7 млн. сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари, 8 та ҳолатда 2 млрд. 855,7 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Бошқармада 5 ой давомида қилинган ишлар, аниқланган ҳолатлар, ўтказилган учрашувлар, сайёр қабуллар тарғиботи юзасидан маҳаллий ҳамда марказий телеведениялар, радио ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали жами 862 маротаба чиқишлар амалга оширилди.
Келгусида ҳам тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, экспортёр корхоналарга ҳуқуқий ҳамда амалий кўмаклар бериш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри ундириш, жиноятчиликка, хусусан, контрабанда товарларининг, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши авёсиз кураш олиб бориш, фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида, текзорлик билан ҳал этиш каби асосий йўналишлар бошқарманинг асосий стратегик йўналишлари бўлиб қолади.
Отабек ОДИЛОВ,
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ахборот хизмати раҳбари