Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 07/10/2016 Тадбиркорлик ҳимояси янада кучайтирилди
Тадбиркорлик ҳимояси янада кучайтирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Раҳимжон Ҳакимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик, кичик бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятлар ва қулай шарт-шароитлар яратилди. Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди. Бу соҳада иш билан банд аҳолининг 78 фоизи меҳнат қилмоқда ва улар мамлакатимизнинг гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча матбуотда эълон қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги кенг кўламли ишларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариши шубҳасиздир.

Мазкур Фармон бизнес юритиш тартиби, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш, давлат органлари, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмалар билан ўзаро муносабатлардан тортиб тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жавобгарлигини эркинлаштириш каби тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларини қамраб олган.

Фармонга кўра жорий этилаётган муҳим янгиликлардан бири – бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш ташаббуси ҳисобланади.

Фармон асосида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат ва бизнеснинг ўзаро ҳамкорлигидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, давлат ресурсларидан фойдаланишнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш доирасида умумий эътироф этилган халқаро стандартлар асосида ва қонунчиликни янада либераллаштириш мақсадида бир қатор қонунларни, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги бир қатор янги қонунларни қабул қилиш, амалдаги “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонунга, Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Солиқ кодексига, Жиноят-процессуал кодексига ва бир қанча бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Мазкур тарихий фармон сўнгги йилларда ушбу соҳада қабул қилинган, ўз кўлами ва мазмунига кўра энг муҳим норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Унинг амалга оширилиши мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва иқтисодиётимизнинг янада жадаллик билан ривожланишига асос бўлиши шубҳасиздир.

Алишер Бойқараев, Қашқдарё вилояти, Китоб туманидаги “Севаз-Андроникс” МЧЖ раҳбари

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қабул қилинган Фармони мамлакатимизда фаолият юртаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакиллари учун айни муддао бўлди.

Фармон энг аввало, хусусий мулкни хуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

Унга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари талаблари қатъий бажарилишини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита айбдорлардан ундирилишини таъминлаш топширилди.

Ишонаманки, мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинганлиги биз тадбиркорларнинг фаолиятимизни янада кенгайтиришимизда, эмин-эркин иш юритишимизда ҳамда мамлактимиз ривожи йўлида олиб бораётган сайи-ҳаракатларимизни янада фаоллаштиришда, сифат ва сон жиҳатидан янги юксак натижаларни қўлга киритишимизга замин бўлади.

Бекзод Аҳадов, Бухоро вилояти Когон туманидаги “Kogon Kamron food” фермер хўжалиги раҳбари:

Ҳар қандай мамлакатнинг бугуни ва келажаги унда хусусий мулкка бўлган муносабат билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиши, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча ғов ва тўсиқларни олиб ташлаш, бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш ва рақобат муҳитини таъминлашга қаратилган бир нечта тарихий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳам ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур Фармон биз фермер ва тадбиркорлар учун ҳам айни муддао бўлди. Боиси, фармонда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш, ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Биламизки, бугунги кун фермери нафақат аграр соҳанинг вакили балки тадбиркор, ишбилармон сифатида ҳам фаолият юритиб, юртимиз иқтисодиётини юксалтиришда ўз ҳиссасини қўшиб келяпти. Тадбиркор сифатида ишлаб чиқараётган маҳсулотларни қайта ишлаб, ички бозорларга етказиб бериш баробарида хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилишни йўлга қўйганмиз. Фармонда тадбиркорларнинг мазкур фаолиятини янада ривожлантиришни эътиборга олиб республиканинг экспорт салоҳияти ўсишини, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этишни ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш бўйича аниқ чора тадбирлар белгилаб берилган.

Мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити ва хусусий мулк эгаларига яратилаётган имкониятлар натижасида биз ҳам Когон туманида 43 гектар ер майдонида интенсив боғ яратиб фермер хўжалигимиз фаолиятини янада кенгайтирдик. Хориждан 1 млн. 400 минг АҚШ доллари қийматидаги мевали дарахтларни парваришлашда қўлланиладиган замонавий тахнологияларни олиб келдик. Бундан ташқари туманимизда етиштиралаётган мева ва сабзавотларни сақлаш ва ҳар фаслда бозорларга сифатли маҳсулотларни етказиб бериш мақсадида 2,5 минг тонна ҳажмдаги замонавий совуткични қуриб фойдаланишга топширдик.

Хусусий тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мазкур Фармон келгусидаги фолиятимизни янада ривожлантиришда, иқтисодиётимизнинг асосий устунларидан бирига айланган фермерлик ҳаракати истиқболини янги босқичга олиб чиқишда яқиндан хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Фармонда белгиланган барча чора-тадбирлар ягона мақсад – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, юртимизда тинчлик ва барқарорлик таъминланишидан энг кўп манфаатдор бўлган мулкдорлар синфини рағбатлантириш, пировардида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг