Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 18/11/2023 Сурхондарёдаги қўшимча имкониятлар ва вазифалар муҳокама қилинди
Сурхондарёдаги қўшимча имкониятлар ва вазифалар муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Термиз шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 17 ноябрь куни Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Ҳудуд изчил ривожланмоқда. Олдинда режалар, имкониятлар ҳам кўп. Хусусан, 3 миллиард 300 миллион долларлик 4 та янги йирик саноат лойиҳаси шакллантирилган. Булар ҳисобига вилоят иқтисодиётига йилига 6,5 триллион сўм, бюджетига 1,6 триллион сўм, экспортига 100 миллион доллар қўшилади, 2 мингта юқори даромадли иш ўринлари очилади.

Жумладан, Бойсундаги қарийб 3 миллиард долларлик газ-кимё мажмуасида йилига 5 миллиард куб метр газ тозаланиб, 6 триллион сўмлик табиий газ ва олтингугурт ишлаб чиқарилади. Вилоятга йилига ўртача 120 миллион долларлик экспорт тушуми қўшилади. Геология қидирув ишлари кенгайтирилиб, яна 100 миллиард куб метр газ захиралари очилади.

– Сурхондарёда жуда катта иқтисодий салоҳият, ерости ва ерусти бойликлари, мард, меҳнаткаш халқи бор. Ҳозирча бу салоҳиятнинг ярмидан ҳам фойдаланилмаяпти. Шароит яратиб, иш ўрни, инвестиция, экспорт ва тушумни карра-карра ошириш лозим, – деди давлат раҳбари.

Шу боис келгуси йили вилоятда 1,5 миллиард доллар инвестиция олиб келиб, саноатда 12 триллион сўм маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 500 миллион долларга етказиб, 100 миллион доллар импортни қисқартириш вазифалари кўрсатиб ўтилди. 400 минг аҳолини банд қилиш вилоят ва туман ҳокимларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги айтилди.

Вилоятга инвестиция жалб қилиш ва саноатни ривожлантиришдаги энг катта захира – бу мавжуд конларни ишга солиш экани таъкидланди.

Сариосиёда қўрғошин, рух, олтин ва оқ мармар, Бойсун ва Сариосиёда кўмир, Шерободда калий ўғити захираларини ўзлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. Тоғли ҳудудларда геология-қидирув ишларини кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Сурхондарё ўзининг табиий тупроқ-иқлим шароити билан эртаки маҳсулотларни етиштиришда биринчи ўринда бўлиши мумкин. Лекин, ҳосилдорлиги юқори уруғ ва кўчат билан таъминлашда муаммолар бор. Шу боис Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 10 та туманда in vitro лабораторияларини ташкил қилиш топширилди.

Келгуси йилда дала четларида қуритиш ва саралаш ускуналари ҳамда 70 та кичик совуткичлар ўрнатилади. 100 минг гектарда ихчам иссиқхоналар ташкил қилиб, барра пиёз, брокколи, розмарин, руккола, қизил райҳон, ялпиз каби экспортбоп экинлар етиштирилади.

Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Олтинсойда 6 та сақлаш, қуритиш ва саралаш маркази, Термиз туманида Жанубий Корея билан бирга 50 миллион долларлик логистика хаби ташкил этилиши белгиланди.

Ингичка толали ғўза 15 фоизгача кам сув талаб қилади ва эрта пишади. Шу боис бундай ғўза навлари майдонини 50 минг гектаргача кенгайтириш, уни қайта ишлашни 30 фоизга етказиш, молекуляр генетика ва селекция бўйича қўшма лойиҳа ва замонавий лаборатория ташкил этишга топшириқ берилди.

Йиғилишда сув танқислиги муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Сурхондарёда 80 фоиз ерлар насос орқали суғорилади. Сув таннархи 2 баробар қимматга тушаяпти, йилига 20 миллион киловатт соат электр беҳуда сарфланаяпти.

– “Сув текин эмас”, деган ғояни аҳолига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш лозим, - деди Президент.

Мутасаддиларга 47 та канални бетонлаш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқиш, сув йўқотилиши кўп бўлган 6 тасини таъмирлаш бўйича топшириқ берилди.

Вилоятнинг туризм салоҳияти ҳам юқори. Бу ерда 600 дан зиёд маданий мерос ва туризм манзиллари бор. Ҳозирда “Далварзинтепа” ёдгорлигида очиқ осмон музейини ташкил қилиш бўйича иш бошланган.

Буни давом эттириб, Бойсундаги “Бойбулоқ”, “Тешиктош” ва “Мачай” ғорлари, Узундара қалъасини ҳам шундай музейларга айлантириш кераклиги таъкидланди. Шерободдаги “Хатак” ғори ва Зараутсой қоятошига хорижий олимлар экспедицияси жалб этилади. Сангардак каби яна 10 та маҳалла туризм қишлоғига айлантирилади.

“Омонхона” санаторияси таъмирланиб, қуввати кенгайтирилади. Яна битта янги санаторий ҳам қурилади. Бойсун, Олтинсой, Сариосиё ва Шерободда дор йўли, меҳмонхона ва савдо хизматларини ташкил қилиш бўйича 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади.

Йиғилишда ижтимоий масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Касалликларнинг олдини олиш учун ҳар бир маҳалла ва дорихоналарда фитобарлар ташкил қилиш, уй шароитида қилинадиган машқлар дастури ва соғлом овқатланиш менюсини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

“Бойсун”, “Шалола”, “Бойчечак”, “Булбули гўё” каби бадиий жамоаларнинг халқаро фестивалларда иштирок этишига кўмаклашиш, достон ва термаларнинг “Олтин фонди” яратиш зарурлиги айтилди.

Сурхон ёшларини спортга жалб этишни кенгайтириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниши белгиланди.

Йиғилиш давомида вазирлар ва ҳокимлар, зиёлилар, тадбиркорларнинг фикр ва таклифлари эшитилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг