Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 28/03/2019 Судьяларни тайёрлашда Канада Миллий судьялар институти тажрибасидан фойдаланилади
Судьяларни тайёрлашда Канада Миллий судьялар институти тажрибасидан фойдаланилади

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) –Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида "Судьялар лавозимига номзодлар, амалдаги судьялар ва суд аппарати ходимларининг ўқув-таълим жараёнини ташкиллаштириш" мавзуидаги семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг қўллаб-қувватлаши остида Канада Миллий судьялар институтининг суд тизими масалалари бўйича бош мутахассиси Адель Кент ва халқаро ҳамкорлик гуруҳи директори Бренда Купер иштирок этишди.

Куннинг биринчи ярмида канадалик экспертлар ўзларининг судьялар лавозимига номзодларни ўқитиш, судьялар ва суд ходимларининг малакасини оширишга доир тажрибаси билан ўртоқлашишди, иккинчи ярмида эса Судьялар олий мактаби ходимлари билан интерактив машғулотлар ўтказилди.

Судьялар олий мактаби, Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси профессори Илҳом Насриевнинг таъкидлашича, бу Судьялар олий мактаби ташкил этилганидан сўнг биринчи марта хорижий мутахассислар иштирокидаги семинар ҳисобланади.

"Президент фармони билан 2019 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Одил судлов муаммоларини ўрганиш тадқиқот маркази негизида Судьялар олий мактаби ташкил этилади ва айни дамда у шаклланиш жараёнида - кадрлар танланмоқда, ўқув дастурлари тузилмоқда, ташкилий масалалар кўриб чиқилмоқда. Бугун Канаданинг ушбу соҳадаги мутахассислари ташриф буюришган ва улар ўз тажрибасини биз билан ўртоқлашишади. Биз шундан келиб чиққан ҳолда маълум тўхтамларга келамиз, чунки бизнинг тарихимизда илк марта судьялар алоҳида муассасада тайёрланадиган бўлмоқда. Шу пайтга қадар судьялар алоҳида бир муассасада тайёрланмас эди, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида тайёрланарди".

Унинг қўшимча қилишича, истиқболдаги лойиҳага кўра, ўзбекистонлик профессор ва ўқитувчилар гуруҳи Канадага бориб, ўқув жараёнларини жойида ўрганиши кўзда тутилмоқда.

Суд тизими масалалари бўйича бош мутахассис Адель Кентнинг сўзларига кўра, Канада Миллий судьялар институтида асосан икки ўқув дастури тузилади:

  1. Миллий дастур;
  2. Махсус дастур (провинциялар учун).

Миллий дастурни тузишда умумий хусусиятлар инобатга олинса, Махсус дастурларни тузишда маҳаллий аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб ёндашилади.

Канада Миллий судьялар институтида, шунингдек, онлайн ва интернет курслари ҳам мавжуд. Институт маълумотлар электрон базаси ҳамда электрон кутубхонага эга.

Канадалик суд тизими мутахассисларининг таъкидлашича, бугунги кунда судьялар ўз касбидан ташқари бошқа илмларга ҳам қизиқиши керак, масалан, психологияга. Бу уларнинг турли вазиятларга чуқурроқ ва инновацион ёндашишларига кўмак беради. Улар судьяларни бугунги кунда ҳамманинг тасаввуридаги жиддий ва қатъий инглиз судьялари образидан бироз чекиниб, вазиятга ўзгача ёндашишга ўргатишларини қайд этишди.

Хорижлик мутахассислар Судьялар олий мактаби вакилларини ўқув дастурини ишлаб чиқишда аниқ тамойилларга асосланишни тавсия қилишди.

Маълумот учун: Канада Миллий судьялар институти (NJI) - Оттава шаҳрида жойлашган.  NJI - 1988 йилда асос солинган мустақил, нотижорат ташкилот, Канада бош судьяси раислигидаги бошқарув. Тахминан 50 нафар ходим ишлайди. Бюджети - 9 миллион доллар атрофида. Тўрт департаментга эга: таълим, молия, операцион ва халқаро.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий судининг телеграм канали.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг