Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Ўзбекистон 22/01/2016 Суд самарадорлигини ва ошкоралигини қандай ошириш мумкин?
Суд самарадорлигини ва ошкоралигини қандай ошириш мумкин?
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йил, 22-январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судида соҳага тегишли қонунчиликдаги охирги ўзгаришлар, шунингдек, судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар, жумладан, ауд мажлисини аудио-видео қайд этиш тизимининг тажрибадан ўтказилиши каби янгиликларни кенг оммага тақдим этиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилди.

Мазкур суд мажлисини аудио-видео қайд этиш тизими Олий хўжалик суди, ҳамда Тошкент шаҳар ва вилоят хўжалик судларида пилот шаклида Ўзбекистон Республикаси Олий Суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг (БМТТД) "Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик" қўшма лойиҳаси кўмагида 2015-йилда ўрнатилди. Мазкур лойиҳа БМТТД томонидан Ўзбекистонда самарали бошқарувга кўмаклашиш ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда.

Матбуот анжуманида, оммавий ахборот воситалари вакиллари, тадбиркорлар, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, БМТТД вакиллари, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Олий хўжалик суди судьялари иштирок этдилар. Таъкидлаш жоиз, Олий хўжалик судида ўрнатилган видео-конференцалоқа тизими воситасида вилоят хўжалик судлари судьялари ҳам тадбирда иштирок этиш имкониятига эга бўлишди. Матбуот анжуманида, иштирокчиларни суд мажлисини аудио-видео қайд этиш тизимининг имкониятлари билан бевосита таништириш мақсадида улар учун ушбу тизим ўрнатилган кассация инстанция судининг янги залига ташриф уюштирилди. Мазкур тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида, 2015 йил сентябрь ойида, Олий хўжалик суди томонидан қўшма лойиҳа билан ҳамкорликда 59 судья, суд мажлиси котиби ҳамда бошқа суд ҳодимлари учун махсус тренинг ташкил этилди.

Аудио-видео қайд этиш тизимининг жорий этилиши суд мажлиси баённомасининг сифатини яхшилаш ҳамда баённомани тузиш жараёнини соддалаштиришга қаратилган бўлиб, истиқболда суд мажлиси баённомасини қоғоз шаклида тузиш заруриятини туғдирмайди. Бундан ташқари, аудио-видео қайд этиш тизими суд иштирокчилари ҳамда судьяларнинг интизомини ошириш чораси сифатида хизмат қилади. Суд мажлисининг аудио-видео ёзуви, жисмоний ва юридик шахсларнинг илтимосига биноан, уларга ахборот ташувчи воситада берилиши кўзда тутилган.

Умуман олганда, суд мажлисни аудио-видео қайд этиш тизими хўжалик суд жараёнини автоматлаштиришга имкон беради, бу эса нафақат хўжалик судларининг ошкоралиги ва самарадорлигини, балки қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга ҳам ҳисса қўшади. "Шартномалар ижроси" (Doing Business) бизнес юритиш бўйича умумий индексининг 10 кўрсаткичлардан бири бўлиб, хўжалик судларининг ишини самарали ва шаффоф юритиш, тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун самарали воситалари мавжудлиги, ҳамда хусусий сектор ва инвесторларнинг шартномада кўрсатилган ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоя остида эканлигини англатади.

Таъкидлаш жоиз, мазкур тизимининг бўлажак тажрибадан ўтказилиши натижасида, ушбу тизимнинг мамлакатимиз судларида барқарор ишлатилишини таъминлаш мақсадида, мавжуд Хўжалик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Олий хўжалик суди қўшма Лойиҳанинг стратегик шериги бўлиб, улар ўрасидаги ўзаро ҳамкорлик 2016-2017 йилларда янада кенгайтирилиб, жумладан, мамлакатимиздаги суд амалиётининг бир-ҳиллигини таъминловчи Интернет тармоғда суд қарорларини нашр этиш каби ташаббуслар режалаштирилган.

Судлар фаолиятини ахборотлаштириш одил судловни такомиллаштириш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг