Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 29/12/2022 Суд-ҳуқуқ тизими янги босқичга олиб чиқилади
Суд-ҳуқуқ тизими янги босқичга олиб чиқилади

Жорий йилнинг 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатнома йўлланиб, унда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни давом эттирилиши заруриятига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, учинчи йўналиш сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим эканлиги қайд этилди.

Ўз чиқишида давлатимиз раҳбари «...Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилдик. Шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали қўлимиз етиб бормаган масалалар бор. Афсуски, ҳозир ҳам тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорлари ижро этилмай қолаётгани билан боғлиқ ҳолатлар учрамоқда. Бу масалалар, энг аввало, Олий суд раиси ва Бош прокурорни ташвишга солиши керак. Нима учун ҳалигача давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизими ишга тушмади? Ким бунга қарши? Бу масалани алоҳида назоратга олиб, тез кунларда ушбу тизимнинг тўлиқ ишга туширилишини таъминлашимиз зарур», деб суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда адвокатура институтини ривожлантириш, аҳолига сифатли ва бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича жадал ишлар амалга оширилмоқда. Айтиб ўтиш керакки, давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам деганда, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, ҳуқуқий хусусиятдаги ҳужжатлар тузиш, судлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда шахс ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартлар асосида бепул кўрсатиладиган ҳуқуқий соҳада амалга ошириладиган ёрдам мажмуи ҳисобланади. Таъкидлаб ўтиш зарурки, сўнгги 3 йилда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш учун бюджетдан 111,9 миллиард сўм сарфланган.

Шу билан бирга, давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини жорий этиш ва ишга тушириш бугунги кун тартибидаги муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Мурожаатномада қайд этилган яна бир муҳим масала «...Судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади. Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Нима учун адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатда тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин? Энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади», деб таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, қайд этиш лозимки, адвокатура конституциявий-ҳуқуқий институт сифатида алоҳида мақомга эга бўлиб, уни янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки самарали одил судловни таъминлашнинг ажралмас шарти мустақил адвокатура ҳисобланиб, суд процессида қонуний ва адолатли суд қарори қабул қилинишида тарафлар тортишуви муҳити, яъни, адвокат ва прокурор ўртасида процессуал имкониятлар тенглиги, соғлом баҳс, музокаранинг таъминланиши ниҳоятда муҳимдир.

Таъкидлаб ўтиш керакки, 2022 йил 1 январь ҳолатида республика бўйича 4 211 нафар адвокат фаолият юритмоқда. Бу 8,5 минг аҳолига ўртача битта адвокат тўғри келишини англатади. Бундай ҳолат эса албатта, ҳозирда давлатимизда адвокатлик корпуси етарли эмаслигини кўрсатиб, фуқароларимизга малакали юридик хизмат кўрсатиш даражасини жиддий ошириш заруратини белгилайди.

Шунингдек, жиноят процесси иштирокчиларига ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёхуд бошқача тарзда босим ўтказиш, қийноққа солиш, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўлланиши юзасидан «...Охирги пайтларда айрим вақтинча ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади. Шу боис, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади. Ҳеч кимнинг унутишга ҳаққи йўқ – қонун талаблари ва инсон ҳуқуқлари – биз учун олий қадрият. Бош прокурор ва Ички ишлар вазири бу ҳақиқатни ҳар бир ходимига етказиб, таъсирчан назорат ўрнатиши шарт», деб таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, айнан жиноят процессида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш масаласи жуда муҳим. Сабаби, айнан жиноят процессида инсонга асоссиз жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказилиш хавфи катта. Шу сабабдан ҳам жиноят ишлари юритувига масъул шахслар, яъни судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шарт. Бунда ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.

Айтиш керакки, тергов вақтида қўлланиладиган ғайриқонуний ҳаракатлар нафақат қийноқ ва бошқа зўрлик усулларидан иборат, яъни, жиноий таъқиб остидаги шахсга нисбатан ундан иқрорлик кўрсатмалари олиш мақсадида ўтказиладиган босим, нафақат жисмоний, балки руҳий тазйиқ кўринишида ҳам кузатилиши мумкин. Айнан бундай ноқонуний усулларни қўллаб олинган ҳар қандай далиллардан фойдаланиш қонунан тақиқланади.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ҳам «Ҳеч кимнинг қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас», деб мустаҳкамланган. Шунингдек, Инсон ҳуқуқларига оид асосий шартномалардан бири бўлган Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1984 йилда қабул қилинган. Конвенцияга мувофиқ давлатлар ўз юрисдикциялари остидаги барча ҳудудларда қийноқларга қарши самарали чоралар кўриши талаб этилади.

Умуман олганда, давлатимиз Раҳбари томонидан юқорида қайд этилган масалалар дарҳақиқат, бугунги кунда жуда долзарб ҳисобланиб, ушбу белгиланган вазифаларни бажарилиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янги ва сифатли босқичга олиб чиқишга, ҳамда энг асосийси, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада кучайтиришга, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама ва тўлиқ текширилиб, далилларга холисона баҳо берилишига ва шу орқали ҳуқуқ-тартибот идораларини янгича ишлашга ҳамда халқимизнинг судларга бўлган қатъий ишончини оширишга хизмат қилади.

Фариза Рамазонова,

Юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), СМТИ етакчи илмий ходими

 

 
 

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг