Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 02/12/2021 «Соғлом ҳаёт» дастури Бухорода бўлиб ўтди
«Соғлом ҳаёт» дастури Бухорода бўлиб ўтди

Бухоро шаҳри Ёшлар марказида «Абу Али ибн Сино ва COVID-2019» мавзусига бағишланган XI халқаро «Ибн Сино» ўқишлари - илмий-амалий анжумани доирасида «Соғлом ҳаёт» дастури Бухорода» мавзусига оид идоралараро давра суҳбати (оф-лайн ва он-лайн шаклда) бўлиб ўтди. 

Тадбирда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри хокимликлари вакиллари, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти, Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Бухоро шаҳри Тиббиёт бирлашмаси, Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази, «Ибн Сино» жамоат фонди, манфаатдор вилоят ва шаҳар идоралари, оилавий поликлиникалар, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. 

Шунингдек, мазкур тадбирда  Финляндиянинг соғлом ўпка бўйича ассоциацияси «Filha», Қирғизистон-Финляндия дастурининг «Қирғизистон тамаки чекиш профилактикаси» лойиҳаси, Қозоғистондан Евроосиё тамакига қарши курашиш коалицияси ва  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистондаги ваколатхонаси экспертлари иштирок этишди.

Тадбирда Бухоро вилояти аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган дастурларни амалга оширишни қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова Ўзбекистонда юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди. 

Финляндиянинг соғлом ўпка бўйича ассоциациясининг «Filha» Тамакига қарши кураш дастури раҳбари Патрик Сандстрём юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашишда Финляндия тажрибаси - «Шимолий Карелия» лойиҳаси муваффақиятли натижаларини тақдим этди.

Евроосиё тамакига қарши курашиш коалицияси раиси Джамила Садикова Олмаота шаҳрида тамакисиз муҳит яратиш бўйича Қозоғистон тажрибасини тақдим этди.

Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассиси Шуҳрат Шукуров вилоятлар (шаҳарлар/туманлар)нинг тамакисиз муҳит яратишда имкониятлари тўғрисида маълумотни тақдим этди.

Тақдим этилган маълумотлар иштирокчилар томонидан муҳокама этилиб, Бухорода «Соғлом ҳаёт» дастурининг кўламини кенгайтириш ҳамда унда кўзда тутилган янги лойиҳаларни халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида синовдан ўтказиш ва маҳаллий шароитга мослаштириш ҳамда муваффақиятли лойиҳаларни республикага ёйиш  мақсадга мувофиқ, деб топилиб, кейинги қадамлар белгилаб олинди.

Юрак-томир тизими, саратон, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари, қандли диабет ва бошқа юқумли бўлмаган касалликлар бутун дунё бўйича касалланиш ва ўлим ҳолатларининг асосий сабабчиси ҳисобланади. Шунингдек улар олдини олиш мумкин бўлган касалланиш ва у билан боғлиқ бўлган ногиронликнинг етакчи сабабчилари жумласига кирадилар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйича 57 миллион одам вафот этади, уларнинг 41 миллиони (71 фоизи) юқумли бўлмаган касалликлар улушига тўғри келади. 15 миллион одам ёш даврида – 30 дан 70 ёшгача вафот этади. Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда юқумли бўлмаган касалликлар барча ўлимнинг 78 фоизини ташкил этади.

Сурункали касалликларнинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари бемор ҳаётининг сифати, унинг оиласи ҳамда иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш тизими ва умуман жамиятга таъсир кўрсатади. Сурункали касалликлар ривожланиши ҳолатларининг 60% турмуш тарзини нотўғри олиб борилиши яъни тамаки чекиш, алкоголь истеъмол қилиш, мева ва сабзавотларни етарлича истеьмол қилмаслик, ош тузини меъёридан ортиқ истеъмол қилиш ва кам ҳаракатланиш каби етакчи хавфли омиллар билан боғлиқ. 

Ушбу хавфли омиллар аҳоли орасида юрак-томир тизими, саратон, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари, қандли диабет ва бошқа юқумли бўлмаган касалликлари ривожланишининг сабабчилари бўлган ортиқча вазн ва семизлик, юқори қон босими, қонда қанд ва холестериннинг юқори даражаси каби ҳолатларнинг ривожланишига олиб келади. 

Асосий юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, тиббиёт муассаларида маслаҳат бериш ва даволаш бўйича илғор жаҳон тажрибасини маҳаллий шароитга мослаштирган ҳолда амалиётга жорий этиш кўзланган мақсадга эришишнинг асосий омилларидан бири бўлиб ҳисобланади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг