Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 21/06/2016 Си Цзиньпин: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик қудратли давлат
Си Цзиньпин: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик қудратли давлат
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ям-яшил майсазорлар ерга гиламдай тўшалган, кимсасиз тоғлар эса кумуш рангда товланиб ётибди. Ушбу шеърий сатрлар битилганига 600 йилдан кўпроқ вақт ўтди. Уни Мин сулоласидан бўлган Хитой элчиси Марказий Осиёга сафари чоғида ёзган. Ўзбекистоннинг бетакрор табиати ва гўзал манзарасини Хитой халқи қадимдан яхши билади ва ҳамон унга мафтун бўлиб келмоқда. Мен гўзал Ўзбекистонга илк бор 2013 йилнинг сентябрь ойида ташриф буюрдим ва ўшанда бу мамлакатнинг сўлим табиати, кўп асрлик тарихи ва маданияти, меҳнатсевар ва истеъдодли халқи менда унутилмас таассурот қолдирди.

Ҳаётнинг тароватли, қайноқ ёз кунларида Президент Ислом Каримов таклифига биноан Ўзбекистонга яна ташриф буюриб, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тошкентда бўладиган ва кўплаб масалалар муҳокама этилиши кутилаётган саммитида иштирок этаман.

Меҳнатсевар, мард, танти, садоқатли ва масъулиятли, бағрикенг ва фидойи Хитой ва Ўзбекистон халқларининг оила, давлат ва ҳаёт ҳақидаги қарашлари ўхшаш. Бундан 2000 йил аввал Буюк ипак йўли халқларимиз ўртасида дўстлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро ҳамкорлик қилиш ва бир-бирини бойитиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилган. Хитойнинг Сихань сулоласи элчиси Чжан Цянь, Тан сулоласи элчиси Сюанцзан ва Мин сулоласи элчиси Чэньчэн турли даврларда муайян миссия билан Ўзбекистонга келган ёки унинг ҳудудидан ўтган. Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Ўзбекистон заминида улғайган бошқа машҳур тарихий шахсларни Хитойда жуда яхши билишади. Марказий Осиёда Хитой ва Ғарб маданияти ўзаро уйғунлашиб кетган ва Ўзбекистон бу борада кўприк вазифасини ўтаганини алоҳида қайд этиш лозим. Асрлар давомида қарор топган ўзаро муносабатлар ва дўстлик анъаналари бугунги кунда ҳам Хитой билан Ўзбекистон ўртасида яқин қўшничилик ва дўстликнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги йирик қудратли давлат. Хитой Ўзбекистон билан муносабатларга доимо стратегик ва истиқбол нуқтаи назаридан қарайди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Хитой биринчилардан бўлиб у билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. 24 йил давомида давр синовларидан ўтган, халқаро майдондаги хавф-хатарларга бардош берган Хитой – Ўзбекистон муносабатларида барқарор тараққиёт суръатлари изчил давом этмоқда. Томонлар ҳар икки мамлакатнинг ҳаётий муҳим манфаатларига дахлдор масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлаб, барча соҳаларда самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Президент Ислом Каримов билан 2013 йилдан буён турли шаклларда – музокара, учрашув, телефон орқали мулоқотлар, мактублар орқали яқин амалий ҳамкорлик ва мустаҳкам шахсий дўстлик алоқаларини ўрнатганмиз. Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида 2014-2018 йилларга мўлжалланган Стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш дастури ва бошқа кўплаб муҳим ҳужжатлар имзолангани самарасида ўзаро муносабатларнинг сиёсий ҳамда шартномавий-ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди. Мамлакатларимиз Ипак йўли иқтисодий йўналишини биргаликда ташкил этишни қўллаб-қувватламоқда, муносабатларимизни изчил кенгайтириш ва амалий мазмун билан бойитишга интилмоқда, ҳамкорликнинг янги имкониятларини топмоқда, халқаро масалалар ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро ҳамжиҳатлик мустаҳкамланмоқда. Хитой билан Ўзбекистоннинг ҳамкорлик кўлами мунтазам кенгайиб, сифати ортмоқда. Икки томонлама муносабатларимизни жадал ривожлантиришнинг олтин асри бошланди.

Айни пайтда Хитойнинг Ипак йўли иқтисодий йўналишини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари ва устувор лойиҳаларни белгилаш ва илгари суришга қаратилган. Хитой Ўзбекистоннинг Осиё инфратузилмавий инвестиция банкининг дастлабки таъсисчиларидан бири эканини юксак қадрлайди.

Хитой маълумотларига кўра, 2015 йилда Хитой билан Ўзбекистоннинг ўзаро савдо ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу кўрсаткич дипломатик муносабатлар ўрнатилган дастлабки йилларга нисбатан 70 баробардан кўпроқ ўсган. Мана, уч йилдирки, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик инвестори ва иккинчи йирик савдо шериги бўлиб келмоқда. «Хитой – Марказий Осиё» газ қувурининг тўрт тармоғи ҳам Ўзбекистон ҳудудидан ўтган. Шу йилнинг февраль ойида Хитой билан Марказий Осиё ўртасидаги транспорт йўлагининг янги бўғини бўлган Ангрен – Поп темир йўл линиясининг Марказий Осиёдаги энг узун туннели қурилиши ниҳоясига етди. Мамлакатларимиз Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл магистралини барпо этишни қўллаб-қувватлайди. Шина заводи, поливинилхлорид ва сода заводи бўйича лойиҳалар биргаликда амалга оширилди, пахтани қайта ишлашга доир ҳамкорлик йўлга қўйилди. Саноат соҳасида қоплама ғишт, смартфон ишлаб чиқариш, терига ишлов бериш ва пойабзал тайёрлаш бўйича лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Хитой ва Ўзбекистон қадимий тарихга эга ва маданияти бой мамлакатлардир. Гуманитар алоқалар ҳамиша Хитой – Ўзбекистон муносабатларининг муҳим таркибий қисми бўлиб келган. Сўнгги йилларда талабалар алмашиш, хитой тилини ўқитиш, минтақалараро алоқалар, қўшма археологик экспедициялар ўтказиш, бадиий асарларни ҳар икки тилга ўгириш бўйича янги ютуқларга эришилди, бу каби ҳамкорликлар икки мамлакат халқларининг қалбига ўзаро ҳурмат туйғуларини чуқур сингдирди. Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда очилган Конфуций институтини 11 йил давомида Хитой билан Ўзбекистон дўстлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган 3 мингдан зиёд мутахассис битирди. Хитой қадимги маданият ёдгорликлари ишлари бўйича давлат бошқармаси, Хитой ижтимоий фанлар академияси, Хитой шимоли-ғарбий университети ўзбекистонлик ҳамкасблари билан археологик тадқиқотлар олиб бориш ва тарихий обидаларни реставрация қилиш бўйича ҳамкорликда ишламоқда, Буюк ипак йўлининг асл кўринишини қайта тиклашга ҳаракат қилмоқда. Яқинда хитойлик машҳур ёзувчи Лаошэнинг «Мушуклар шаҳри хотиралари» асари ўзбек тилига таржима қилинди ва чоп этилди. Бу асар ўзбек китобхонларига Хитой адабиёти билан яқиндан танишишга ёрдам беради, деб ўйлайман.

Хитой билан Ўзбекистон манфаатлари ва тақдири муштарак, қувонч ва ташвишни биргаликда баҳам кўрадиган тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатдор шериклардир. Халқларимиз ўз орзусини рўёбга чиқариш, мамлакатларимизни ривожлантириш ва миллат нуфузини янада юксалтиришга интилмоқда. Халқаро майдондаги аҳвол шиддат билан ўзгариб бормоқда, жаҳон иқтисодиётининг қайта тикланиш жараёни суст кечмоқда, дунё давлатлари олдида ўз тараққиётини таъминлашдек мураккаб вазифа турибди. Бундай шароитларда кенг кўламли Хитой – Ўзбекистон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш давр талабига ва мамлакатларимиз ҳамда халқларимизнинг туб манфаатларига мос келади, десам адашмайман. Истак ва интилишларимиз, ўзимизга бўлган ишонч Хитой ва Ўзбекистонни биргаликда ривожлантириш, халқларимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.

– Сиёсий жиҳатдан ўзаро ишонч ва ёрдамни мустаҳкамлашимиз лозим. Қадимги хитой мутаффакири Конфуций айтганидек: «Дўстлар билан мулоқот қилишда ўз сўзида турмоқ керак». Сиёсий ўзаро ишонч – бу Хитой – Ўзбекистон муносабатларини самарали ривожлантиришнинг кафолатидир. Мамлакатларимиз ҳар доимгидек, томонларнинг давлат суверенитети, хавфсизлик ва тараққиёт каби муҳим манфаатларига тааллуқли масалаларда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлайди. Хитой Ўзбекистон ўзи танлаган ва мамлакатдаги реал шароитларга мос келадиган мустақил тараққиёт йўлини изчил қўллаб-қувватлайди, Ўзбекистоннинг ички барқарорлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича чора-тадбирларига ҳурмат билан қарайди, Ўзбекистоннинг ички ишларига ташқаридан аралашувларга қаршидир.

– Биз ўзаро манфаатли асосда Ипак йўли иқтисодий йўналишини биргаликда шакллантиришимиз зарур. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик қаторида нохомашё соҳадаги ҳамкорликни ҳам кенгайтириш, савдо-иқтисодий тузилмани яхшилаш, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар учун қулай шароитлар яратиш лозим. Бу борада ўзаро манфаатли янги йўналишларни топиш, иқтисодиётда, авваламбор, юқори технологияли тармоқларда ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш ва ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш даркор.

– Халқларимизнинг маданият, таълим, туризм, археология ва минтақалараро алоқалар соҳасидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқишимиз, Буюк ипак йўлидаги қадимги давлатлар сифатида халқларимизда бундан фахрланиш ва ўзига ишонч туйғусини янада мустаҳкамлашимиз зарур. Бунинг учун Конфуций институтларининг ролини кучайтириш, Хитой – Ўзбекистон дўстлигининг ворисларини тайёрлаш мақсадида ёшлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш даркор. «Қувноқ баҳор байрами» концерт дастури ва «Шарқ тароналари» мусиқа фестивалини қўллаб-қувватлаш, халқларимизни энг яхши маданий дастурлар ва бадиий асарлар билан яқиндан таништиришимиз мақсадга мувофиқдир.

– Умумий, комплекс, кооператив ва барқарор хавфсизлик концепциясини ҳаётга татбиқ этишимиз, икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва махсус хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз зарур. Шунингдек, вазиятни таҳлил қилиш ва ахборот алмашишни кучайтириш, «уч ёвуз куч», наркотрафик ва трансчегаравий уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишларига қарши қатъий курашиш, минтақада барқарор ривожланиш учун хавфсиз муҳит яратиш ва мамлакатларимиз халқлари ҳаёти ҳамда мулки хавфсизлигини таъминлаш муҳимдир.

– Халқаро масалалар юзасидан стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашимиз, БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги ҳамкорликни мувофиқлаштиришни чуқурлаштиришимиз зарур. Халқаро миқёсдаги амалий ташаббусларимизни қатъий қўллаб-қувватлаб, глобал иқтисодий бошқарув, энергетика хавфсизлиги, сув ресурслари каби жаҳон миқёсидаги масалалар бўйича, шунингдек, минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар, чунончи, Афғонистон, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вазият юзасидан ўз вақтида фикр алмашиш, мамлакатларимизнинг стратегик манфаатларини биргаликда ҳимоя қилишимиз керак. Хитой халқаро масалаларда Ўзбекистоннинг роли ва ўрнини кучайтиришни қўллаб-қувватлайди.

Ташрифдан ташқари, яна бир муҳим дастур – ШҲТнинг Тошкент саммитида иштирок этаман. ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллигини нишонлаш нуқтаи назаридан, бўлажак саммит ташкилотни ривожлантириш тажрибасини умумлаштириш ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини кўриб чиқиш учун алоҳида аҳамият касб этади. ШҲТ 15 йилдан буён ўзаро ишонч ва манфаат, тенглик, маслаҳатлашиш, маданиятлар ва цивилизациялар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, биргаликда ривожланишга интилишни ўзида мужассам этган «Шанхай руҳи»ни ҳаётга жорий этиб келмоқда. Ташкилот очиқлик, бағрикенглик, ҳамкорлик ва умумий манфаат асосида янги кўринишдаги халқаро муносабатларни шакллантириш тарафдори бўлган ва шундай бўлиб келмоқда, минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича Шанхай конвенцияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг чегара масалалари бўйича ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги тўғрисидаги шартноманинг тузилиши ҳамда амалга оширилиши трансчегаравий жиноятчилик, террористик ва экстремистик гуруҳлар фаолиятига барҳам бериш ва шу тариқа ташкилотга аъзо давлатлар олдида турган хавфсизликка раҳна соладиган таҳдидларга қарши самарали курашиш имконини бермоқда. ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва гуманитар соҳаларда амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ташкилотга аъзо давлатларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашмоқда ва бунинг самарасида яқин қўшничилик, дўстлик ҳамда ўзаро манфаатдорлик ғояси халқларимиз қалбига янада чуқур сингиб бормоқда. ШҲТни кенгайтириш бошланганидан буён унга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатлар сафи кенгайиб бормоқда. У географик жиҳатдан Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Жануби-шарқий Осиёни қамраб олмоқда. ШҲТ доирасида ҳамкорлик қилиш имконияти тобора кенгайиб, унинг роли ва таъсири муттасил ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ШҲТга раислиги даврида ташкилот доирасида барча йўналишларда ҳамкорликни изчил ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлашни истардим. Хитой Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар билан баргаликда янги босқич сифатида Тошкент саммитидан бошлаб ШҲТнинг минтақамиз ва халқларимиз манфаати йўлидаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга тайёр.

Бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқини ушбу қутлуғ байрам билан самимий табриклайман. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда мамлакатни ривожлантириш борасида оламшумул муваффақиятларга эришилди, халқаро майдонда унинг обрўси ва таъсири тобора мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистон халқ фаровонлигини юксалтиришга қаратилган тараққиёт самараларидан мамлакатнинг барча аҳолисини баҳраманд қилмоқда. Бу борада «Ёшлар йили», «Соғлом бола йили», «Кексаларни эъзозлаш йили», «Соғлом она ва бола йили»каби махсус Давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида аҳоли фаровонлиги юксалмоқда, шаҳар ва қишлоқлар ҳар томонлама ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг ўз тараққиёт модели шакллантирилди ва муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ўзбекистонга барча соҳаларда янги ва улкан муваффақиятлар тилаймиз.

Хитой билан Ўзбекистоннинг серқирра ҳамкорлиги барча соҳаларда юксак самаралар бермоқда. Бундай ҳамкорлик икки мамлакат халқига ҳам фойда келтириб, улар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Қатъий айтиш мумкинки, Хитой ва Ўзбекистон миллий тараққиёт ва юксалиш йўлида бундан кейин ҳам изчил ҳамкорликни давом эттиради, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин, янги саҳифаларини очаверади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг