Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси миссия раҳбари ўринбосари Андрин Финк билан учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистонда IT таълимни ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Ушбу учрашувда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC) ҳамда IT таълим уюшмаси ўртасида “Ўзбекистонда IT ва рақамли таълим ландшафтини ривожлантириш инклюзив ўсиш учун манфаатдор томонларни боғлаш” лойиҳаси доирасида келишув шартномаси имзоланди.
Ушбу лойиҳа рақамли таълим орқали жамиятда инклюзив ўсишни таъминлаш ва иқтисодий ривожланишни жадаллаштиришни мақсад қилган.
Мазкур лойиҳа доирасида ёшларнинг IT саводхонлигини ошириш, малака ошириш имкониятларини тақдим этиш, шунингдек, олис ҳудудларда яшовчи ёшлар ва аёлларни иш билан таъминлаш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида аҳолининг рақамли кўникмалари ҳолати таҳлил қилинади, бозор эҳтиёжларига мос янги касблар аниқланади ва IT таълим ресурсларини бирлаштирувчи платформа ишлаб чиқилади.
Ушбу лойиҳа доирасида IT-таълим йўналишини ривожлантириш учун Швейтсария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан IT таълим уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилотига 150 минг доллар миқдорида Грант маблағи ажратилди.
Таъкидлаш лозимки, Швейцария билан олиб борилаётган ушбу ҳамкорлик мамлакатда рақамли трансформация жараёнини тезлаштиради, иқтисодий имкониятларни кенгайтиради ва Ўзбекистоннинг IT бозорида халқаро рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.