Шомуродов «Рома»га ғалаба келтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг қўшимча дақиқаларда урган голи «Рома»га Европа Лигаси 1/8 финалининг биринчи учрашувида «Атлетик» устидан ғалаба келтирди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ испаниялик футболчилар ҳужумкор ҳаракатлари билан ажралиб турди, аммо Свилар дарвозасига жиддий таҳдид ярата олишмади.
Аста-секин «бўриллар» ташаббусни қўлга олиб, анча хавфли ҳужумларни амалга ошира бошлади. Биринчи бўлимдаги энг хавфли вазият мезбонлар фойдасига бўлди: Балданцининг узатмасидан сўнг Дибала кучли зарба бериб, тўпни тўсинга теккизди. Шунингдек, баск футболчилари кўплаб қоидаларни бузиб, сариқ карточкаларни йиғиб боришди. Фақат биринчи бўлимнинг қўшимча дақиқаларида «Атлетик» ҳисобни очишга яқин келди — Иньяки Уильямснинг қанотдан берган узатмасини Саннади бир зарбада йўллади, лекин тўп дарвоза ёнидан ўтиб кетди.
Иккинчи бўлим бошланиши билан меҳмонлар ҳисобни очишди. Иньяки Уильямс Паредеснинг паст узатмасидан фойдаланиб, яқин масофадан тўпни дарвозага киритди.
«Рома» дарҳол ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди. Балданци ажойиб имкониятни қўлдан чиқариб, тўпни тепага тепиб юборди. Бироз ўтгач, Анхелиньо Челикнинг узатмасидан кейин аниқ зарба йўллаб, ҳисобни 1:1 қилиб қўйди.
Римликлар ғалабани илиб кетиш учун ҳужумда фаол ҳаракат қилишда давом этди, аммо «Атлетик» ҳам қарши ҳужумларда хавфли вазиятлар яратиб турди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида испанияликлар бир футболчи кам қолишди — Йерай иккинчи сариқ карточкасини олди ва майдонни тарк этди.
«Бўриллар» бу устунликдан фойдаланишга ҳаракат қилди. Салемакерснинг кучли зарбасини Агирресабала қайтарди, лекин ҳал қилувчи паллада Элдор Шомуродов жазо майдонида имкониятни қўлга киритиб, тўпни аниқлик билан узоқ бурчакка йўллади ва «Рома»га муҳим ғалабани таъминлади.