Валюта курслари 27/11/2024
$1 – 12820.47
UZS – 0.04%
€1 – 13470.47
UZS – 0.21%
₽1 – 122.26
UZS – -1.0%
Қидириш
Ўзбекистон 21/06/2016 ШҲТга аъзо давлатларнинг барча раҳбарлари Тошкентга келади
ШҲТга аъзо давлатларнинг барча раҳбарлари Тошкентга келади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тошкентда шу йилнинг 23-24-июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси бўлиб ўтади. Шу муносабат билан ШҲТ саммитининг пойтахтимиздаги халқаро матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпин, Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон иштирок этиши расман тасдиқлангани таъкидланди.

Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Мўғулистон Президенти Сахиагийн Элбегдорж, Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф кузатувчи давлатлар, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилувчи мамлакат меҳмони сифатида иштирок этади.

Мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев ҳам қатнашади.

ШҲТ саммитида халқаро ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Жефри Фелтман, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа, АСEАН Бош котиби Ле Лионг Мин, Осийода ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ижрочи директори Гун Сзянвей ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари А.Носировнинг маълум қилишича, тадбирда иштирок этиш учун Тошкентга ШҲТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек, чет эл оммавий ахборот воситаларининг қарийб 1000 вакили ташриф буюради.

Бўлажак ШҲТ саммити давлат раҳбарларининг юбилей мажлиси бўлиб, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил топганининг 15-йиллигига бағишланади.

Давлат раҳбарлари мажлис кун тартибига мувофиқ, ШҲТ доирасида серқирра ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама этади, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашади.

Давлат раҳбарлари учрашуви якунида асосий ҳужжат – ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент декларацияси қабул қилинади. Унда ташкилотнинг сўнгги ўн беш йиллик фаолияти, аъзо давлатларнинг ШҲТни ривожлантириш истиқболларига нисбатан келишилган ёндашувлари, шунингдек, жорий халқаро ҳамда минтақавий вазият бўйича позиция ўрин олади.

Давлат раҳбарлари 2025-йилгача ШҲТни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишга доир 2016-2020-йилларга мўлжалланган ҳаракат режаси ва ШҲТни ривожлантириш, унга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди.

ШҲТнинг бўлажак саммити Ўзбекистоннинг ташкилотга раислигининг сўнгги тадбиридир. Ўзбекистон раислигида ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш, ташкилот доирасида сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт ва гуманитар алоқалар соҳаларида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Давлат раҳбарлари кенгашининг бўлажак мажлиси кун тартибини мазмунан бойитишга алоҳида эътибор қаратилди.

ШҲТ саммити арафасида Тошкентда ташкилотга аъзо давлатларнинг турли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қатор учрашувлари ўтказилади. ШҲТга аъзо давлатлар маданият вазирларининг 21-22-июнь кунлари бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишида маданият ва санъат соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш режалаштирилган.

22-23-июнь кунлари ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви ва Банклараро бирлашма кенгашининг ҳам мажлислари ўтказилади. Уларнинг доирасида ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг ишбилармон ҳамда молиявий доиралар вакилларининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик соҳасида иштирокини фаоллаштириш ҳақида фикр алмашиш мўлжалланмоқда.

ШҲТ саммити ҳужжатлари бўйича якуний келишиш мақсадида 20-22-июнь кунлари ШҲТга аъзо давлатлар миллий координаторлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг