ШҲТ 2035 йилгача ривожланиш стратегиясини ва қатор муҳим ҳужжатларни тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарлари Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган юбилей — 25-саммит якунида ташкилотнинг 2035 йилгача ривожланиш стратегиясини ва тегишли ҳужжатлар тўпламни тасдиқлади.
Стратегияда ШҲТнинг асосий мақсад ва вазифалари, шунингдек уларни амалга ошириш усуллари белгилаб берилган. Ҳужжатда давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ШҲТ маконида хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш, шунингдек савдо, иқтисодиёт, молия ва инвестициялар соҳаларида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш назарда тутилган.
Хитой раислиги якуний натижалари Тяньцзинь декларациясида акс эттирилган. Бундан ташқари, турли соҳаларда ҳамкорликка оид ҳужжатлар тўплами қабул қилинди. Жумладан, 2026–2030 йилларга мўлжалланган ШҲТга аъзо давлатларнинг экстремистик ғояларга қарши ҳамкорлик дастури ҳамда 2030 йилгача энергетик ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш йўл харитаси тасдиқланди.
ШҲТ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳузурида кузатувчи мақомини олди, Лаос эса мулоқот бўйича ҳамкор мақомига эга бўлди. Шу билан бирга, ташкилот доирасида «кузатувчи» ва «мулоқот бўйича ҳамкор» мақомлари ягона «ШҲТ ҳамкори» тоифасига бирлаштирилиши ҳақида қарор қабул қилинди, бу эса халқаро ҳамкорлик тизимини оптималлаштиришга хизмат қилади.
Саммит якунида иккита давлатлараро келишув имзоланди: ШҲТнинг доимий органи сифатида Душанбеда жойлашадиган Антинаркотик марказини ташкил этиш ва Тошкентда ШҲТ Минтақавий терроризмга қарши тузилма асосида давлатлар хавфсизлигига таҳдид ва чақириқларга қарши кураш бўйича Умумий марказни ташкил этиш. Умумий марказ таркибига ахборот хавфсизлиги маркази ҳамда Бишкекда жойлашадиган халқаро уюшган жиноятчиликка қарши кураш маркази бўлим сифатида киради.
Қирғизистоннинг Чолпон-Ота шаҳри 2025–2026 йилларда ШҲТнинг туризм ва маданий пойтахти этиб эълон қилинди.
Бундан ташқари, саммитда ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг бир қатор баёнотлари қабул қилинди. Улар Иккинчи жаҳон уруши тугаганига ва БМТ ташкил этилганига 80 йил тўлиши, рақамли иқтисодиётда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, энергетикада барқарор ривожланиш, яшил саноат, сунъий интеллект соҳасида халқаро ҳамкорлик, кўп томонлама савдо тизимини қўллаб-қувватлаш, гиёҳванд моддалар муаммосини самарали ҳал этиш ҳамда илмий-техникавий ва инновацион ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган.