Валюта курслари 28/11/2024
$1 – 12848.38
UZS – 0.22%
€1 – 13512.64
UZS – 0.31%
₽1 – 120.07
UZS – -1.79%
Қидириш
Ўзбекистон 04/04/2023 Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси концепцияси тақдимоти билан танишди.
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси концепцияси тақдимоти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари 18 март куни Янги Тошкент шаҳри лойиҳасига тамал тоши қўйган эди. Бугунги тақдимотда унинг биринчи босқичи доирасидаги масалалар кўриб чиқилди.

Бу босқичда 60 минг аҳолига мўлжалланган кўп қаватли уйлар, давлат идоралари учун маъмурий бинолар, боғлар, ижтимоий ва иқтисодий объектлар барпо этилиши режалаштирилган. Буларни лойиҳалаштириш ва барча ишларни мувофиқлаштириш учун дирекция тузилди. Хорижий мегаполислардаги урбанизация ва қурилиш тажрибаси ўрганилди.

Шунга мувофиқ, Янги Тошкентни администрация, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият каби 5 та негиз асосида қуриш мўлжалланмоқда. Буларнинг ҳар бири тизимдаги бўғинлар ва қуйи ташкилотларни ўз ичига олади.

Тақдимотда бунёдкорлик жараёнининг “йўл харитаси” бўйича ҳам ахборот берилди. Албатта, бундай улкан лойиҳани амалга ошириш учун иш, аввало, инфратузилма яратишдан бошланади. Қайд этилганидек, бунда замонавий урбанизация ёндашувлари, “ақлли” технологиялар қўлланилади. Масалан, “уч-генерация” станцияси қурилиб, ҳам электр ишлаб чиқарилади, ҳам бинолар қишда иситилиб, ёзда совутилади. Барча электр, алоқа тармоқлари, газ ва сув қувурлари ер тагидан ўтказилади.

Шаҳарда инфратузилма, турмуш ва экология мутаносиб бўлади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу ердан бошланади. Пиёдалар ва велосипедчиларнинг эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилади. Шу мақсадда автомобиллар учун ер ости тураргоҳлари, 14 та замонавий тунел, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари устида 7 та кўприк бунёд этилади.

Давлатимиз раҳбари бўлажак шаҳарда “инсон қадри” тамойилини қарор топтириш, турли ёшдаги одамларнинг эҳтиёжларини инобатга олиб, барча қулайликларни яратиш зарурлигини таъкидлади.  Иншоотларни эксплуатация ва транспортлар учун қулай жойлаштириш, яшил ҳудудлар кўп бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Тақдимотдаги яна бир лойиҳа Тошкент ерусти метросининг остида савдо ва хизмат шохобчаларини жойлаштириш ҳақида бўлди. Жумладан, мазкур транспорт иншоотининг Яшнобод туманидаги қисмида 4 километр бўш жой бор. У ерда яшил ҳудудлар, автотураргоҳ, воркаут майдончалари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш мумкин. Бу борада Берлин шаҳри тажрибаси ўрганилган.

Ушбу ҳудудларни лотларга ажратган ҳолда ижарага бериш, хавфсизликни таъминлаб, аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг