Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Ўзбекистон 22/12/2023 Шавкат Мирзиёев: Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак
Шавкат Мирзиёев: Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда маънавият ва маданият фаоллари, адабиёт ва санъат намояндалари, шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, вазирлар ва ҳокимлар иштирок этди.

Маълумки, республикамизда ушбу Кенгаш раиси Президент, ҳудудларда эса биринчи раҳбарлар ҳисобланади. Чунки илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият устувор масаладир.

Давлатимиз раҳбари бунинг учун аввало мустаҳкам иқтисодий асослар кераклигини таъкидлаб, шу борада амалга оширилаётган ишларни қайд этиб ўтди. Ушбу иқтисодий асос натижасида бу йил ижтимоий соҳага энг кўп – 134 триллион сўм маблағ ажратилди. Бу – 2016 йилга солиштирганда 5,6 баробар зиёд демакдир.

Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари шиддатли тус олгани, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётгани қайд этилди.

– Тарихдан маълум: Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Маърифатпарвар боболар ғояларини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилиниши белгиланди. Шунингдек, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилади, “Жадид” номли янги газета ташкил этилади.

Сўнгги йилларда маънавий-маърифий соҳаларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимидаги ходимлар сони икки карра оширилди, уларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди.

“Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитиш мақсадида Мақом, Бахшичилик ва Аския санъати марказлари ташкил этилди. Шунингдек, “Баҳор” рақс ансамбли, Давлат филармонияси, Давлат симфоник оркестри каби 20 дан ортиқ муассасалар фаолияти йўлга қўйилди. 11 та янги музей, 2 та театр, 28 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 5 та олий таълим муассасаси ташкил этилди.

Умуман, маданият ва санъат соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 5 карра ошиб, 2023 йилда бу мақсадлар учун 712 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

“Мақом”, “Бахшичилик”, Ҳунармандчилик, “Лазги” каби халқаро фестиваллар анъанага айланди. 24 та хорижий мамлакатда, жумладан, қўшни давлатларда “Ўзбекистон маданияти кунлари” юқори савияда ўтказилди.

ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига яна 9 та миллий меросимиз намунаси, Бухоро шаҳри “Ижодкор шаҳарлар тармоғи”га киритилди. Шу йил сентябрда ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний таваллуди кенг нишонланди.

Кино санъатида ҳам янги асарлар пайдо бўлаяпти. Буюк саркарда ва улуғ алломалар ҳақида тарихий фильмлар яратилди. Қарийб чорак асрдан кейин Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди.

Пойтахтимизда Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси, ҳудудларда янги ижод уйлари қурилди. Самарали ижод қилаётган адиблар имтиёзли асосда уй-жойлар билан таъминланди. Атоқли ижодкорларимизнинг таваллуд саналари нишонланди. Ёш истеъдодларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинари қайта тикланди.

Биринчи марта нашр этилган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”, 30 жилддан иборат “Мустақиллик даври навоийшунослиги”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Мард аскарга совға” сингари адабий мажмуалар маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

Йиғилишда бу соҳалар олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари 9 та йўналишда ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғоямизни ривожлантириш бўйича алоҳида дастурий ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

Баъзи гуруҳлар орасида диний қарашларни Конституция ва қонунларимизга қарши қўйиш, дунёвий қадриятларни ҳаром деб билиш ҳолатлари афсус билан қайд этилди. Президент бу ўринда  Ибрат домланинг “Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур”, деган ҳикматли сўзларини ёдга олди. Зиёлилар, нуронийлар, ҳаж ва умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши кераклиги айтилди.

Таълим тизимига қаратилаётган эътибор изчил давом эттирилади. Бу борада ҳам тенглик таъминланиши, хусусан, қиз болаларнинг ўқиши ва касб-ҳунар эгаллаши жамият ривожида муҳим экани алоҳида таъкидланди.  

Иккинчидан, маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилади. Туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади.

– Бугун маънавият бошқа соҳалардан ўн қадам олдинда юриши, маънавият янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак, – деди Президент.

Шу мақсадда, Сурхондарё вилоятида билдирилган таклиф асосида ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиши маълум қилинди. Улар жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади.

Учинчидан, театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Унда энг яхши пьесалар учун ижодий буюртма бериш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг чет эл театрларида маҳоратини ошириш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш кабилар назарда тутилади.

Корхона ва муассасаларда ойнинг бир куни “Театр куни” деб белгиланиб, ходимларнинг театрларга бориши йўлга қўйилади.

Тўртинчидан, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишда 837 та маданият марказининг фаолияти жуда муҳим. Уларда 4 мингга яқин тўгарак фаолият кўрсатмоқда, 120 мингдан ортиқ ёшлар шуғулланмоқда.

Лекин айрим марказлар ўз биносига эга эмас, жами 8 мингта мусиқа анжомига эҳтиёж бор. Бу борада ҳокимларга кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, келгуси йилдан ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиниб, бунга 100 миллиард сўм йўналтирилади.

Бешинчидан,  мақом ва бахшичилик санъатини илмий асосда ўрганиш ва ривожлантириш кучайтирилади.

Ҳозиргача 120 та мақом, бахшичилик достонлари, халқ куйи ва қўшиқлари “олтин фонд”га ёзиб олинди. Куни кеча Ўзбекистон Президентининг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб этишга доир қарори имзоланди. Унда, жумладан, Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос институтини ташкил этиш, қадим мусиқа асарларини тадқиқ қилиш, мамлакатимиз фондларида сақланаётган 3 мингдан зиёд достон, мақом ва фольклор асарларини замонавий форматга ўтказиш кўзда тутилган.

Яна бир муҳим янгилик – мақом, катта ашула, бахшичилик, атлас ва адрас, кулолчилик ва заргарлик каби анъаналарни давом эттирадиган мактаблар яратилади.

Олтинчидан, мусиқа ва рақс санъати ривожи қўллаб-қувватланади. Жумладан, “Баҳор” рақс ансамбли илгари Филармония жойлашган машҳур санъат саройида фаолият юритади. Таниқли ашула ва рақс ансамблларининг хорижга гастроль сафарлари кўпайтирилади. Мусиқа ва рақс санъати масалаларини илмий ўрганиш, соҳада илмий кадрларни кўпайтириш мақсадида илмий тадқиқотлар учун грантлар жорий қилинади.

Шунингдек, Тошкент давлат цирки биноси таъмирдан чиқарилади.

Еттинчидан, халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатияси кенгайтирилади. Келгуси йили Тошкентда жаҳон креатив иқтисодиётига бағишланган конференция, Нукусда эса “Орол маданияти” халқаро илмий анжумани ўтказилади.

Музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилинади. Тарих музейи ҳамда Санъат музейининг янги бинолари барпо этилади. Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозицияси янгиланади. Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланади.

Бундан ташқари, музейларимизда, хусусан, Ислом цивилизацияси марказида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, давлатчилик тарихи ва буюк алломалар фаолияти бўйича янги экспозициялар ташкил қилинади.

Франция билан ҳамкорликда Миллий реставрация маркази фаолияти йўлга қўйилади. Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифалари консервация қилинади. 

Юртимизнинг кўҳна тарихига бағишланган 18 та археология ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилади.  Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур боғлари қайта тикланади, “Буюк ипак йўли” музейи барпо этилиб, Бибихоним мажмуаси реставрация қилинади.

Саккизинчидан, кино соҳаси ривожлантирилади. Бу борада “Тирик тарих” сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Бунга хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар ҳам жалб этилади. Шунингдек, болалар учун буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратиш зарурлиги таъкидланди.

Кинони иқтисодиёт билан уйғун ривожлантириш мақсадида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида “эркин иқтисодий киноҳудудлар” барпо этиш вазифаси қўйилди.

Миллий сериаллар бўйича мавжуд тизимни тубдан ислоҳ этиш, уларни ғоявий-бадиий ва техник жиҳатдан жозибали даражага етказиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун IT-парк каби эркин иқтисодий зона – “Cinema park” ташкил қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Тўққизинчидан, тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинади. Жумладан, Марказий кўргазмалар зали реконструкция қилиниб, жиҳозланади. Бадиий фонд ҳудудида замонавий галерея биноси қурилади ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази ташкил этилади. Хаттотлик ва миниатюра санъати таълимини амалиёт билан боғлаш мақсадида миллий усулда қоғоз тайёрлаш устахонаси ташкил этилади.

Соҳада таълим сифатини яхшилаш, мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлигини ошириш, ушбу мактабларнинг коммунал харажатларини бюджетдан қоплаш бўйича таклифлар билдирилди.

Давлатимиз раҳбари ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши қайд этилди.

Шунингдек, бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилади. Бошқа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилади. Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилади.

Жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланади. Ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга қалам ҳақи кўпайтирилади. Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 5 йилга солиқлардан озод қилинади.

Президентимиз таржима санъатининг аҳамиятига тўхталиб, бундай меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббусини илгари сурди.

Интернет адабиётини ривожлантириш ҳам муҳимлиги таъкидланиб, шу мақсадда адабиёт, кино, тарих, санъат, фольклор намуналарини қамраб олган “Ўзбек маданияти” порталини яратиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, соҳа мутасаддилари ўз фикр ва таклифларини билдирди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг