Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 19/04/2018 Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 апрель куни мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва хонимни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар беради.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари мустаҳкамланиб, стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини чуқур мамнуният билан таъкидлади.

Суҳбатда 2017 йил ноябрь ойида Жанубий Кореяга олий даражадаги тарихий ташриф ҳамда унинг якунида эришилган муҳим келишувлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ўзаро манфаатли ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилгани алоҳида қайд этилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо кўрсаткичлари изчил ўсиб бормоқда. Жанубий Корея Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялар ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. “Поско-ДЭУ”, “ДжиЭС”, “Эвергрин”, “Янгуан” ва бошқа кўплаб компаниялар билан биргаликда қиймати 5 миллиард доллардан ортиқ янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Жорий йилнинг февраль ойида Тошкентда янги форматда савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича биринчи қўшма ҳукуматлараро учрашув муваффақиятли ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, шаҳар бошқаруви, энергетика, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришда Жанубий Кореянинг илғор тажрибаси, илмий ютуқлари ва технологияларидан фойдаланишга қаратилган қўшма дастурлар фаол амалга оширилмоқда.

Корея Республикасининг етакчи мутахассислари мамлакатимиз вазирликлари, идора ва ҳокимликлари томонидан маслаҳатчи сифатида жалб этилмоқда. Гуманитар, таълим ва туризм соҳаларида алмашинувлар кенгаймоқда.

Учрашувда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин томонидан Корея яримороли ва бутун минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлаши таъкидланди.

Президентимиз режалаштирилаётган олий даражадаги учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда муҳим аҳамият касб этиши ва янги истиқболли келишувларга эришишни таъминлашига ишонч билдирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг