Истироҳат боғининг майдони 9 гектардан 16 гектарга кенгайтирилди. Боғнинг кириш қисмида ёзувчи-ижодкорлар хиёбони ташкил этиш, Эркин Воҳидов ҳайкалини ўрнатиш кўзда тутилган.
Турли тадбирлар ўтказиладиган амфитеатр, ош маркази ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этиш белгиланган. Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби очилади. Боғда турли аттракционлар ўрнатилиб, бир неча чойхона аҳолига хизмат кўрсатади.
Президентимиз қаҳрамон шоиримиз номи билан аталадиган ушбу боғ ҳар томонлама мукаммал бўлиши, уни ёшлар маънавиятини юксалтирадиган масканга айлантириш, хиёбонга Эркин Воҳидовнинг энг сара шеърларидан намуналар ёзилган лавҳалар ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Бу ерга келувчилар Эркин Воҳидов шеърларидан баҳраманд бўлсин, маънавий оламини янада бойитсин. ЎзА.