Туркманистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклади.
Суҳбат чоғида ўзбек ва туркман халқларининг тарихи муштараклиги, маънавий ва маданий қадриятлари яқинлиги таъкидланди.
Мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги серқирра ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболли йўналишларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Давлат раҳбарлари дўстлик, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик принципларига асосланган юксак даражадаги давлатлараро муносабатларни мамнуният билан қайд этиб, бундан буён ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ва очиқ мулоқотларни фаол давом эттиришга қатъий ишонч билдирдилар.
Томонлар мамлакатларимиз хўжалик субъектлари ва етакчи компаниялари ўртасида амалий алоқалар ҳамда яқин ҳамкорлик сезиларли равишда фаоллашаётгани, шунингдек, ҳамкорликдаги ишларда амалий натижаларга эришилганини мамнуният билан таъкидладилар.
Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевга ўзи учун қулай бўлган вақтда Туркманистонга расмий ташриф билан келишини таклиф этди. Таклиф мамнуният билан қабул қилинди.
Суҳбат самимий ва дўстона руҳда ўтди.