Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдикулова Бутунжаҳон фанлар академияси (ТWАС) аъзоси этиб сайланди. Олима бу йилги сайловларда МДҲ ва Марказий Осиёдан ягона вакил бўлди. Ўзбекистон тарихида бу нуфузли Академияга сайланган еттинчи академик олим сифатида эътироф этилди.
Бутунжаҳон фанлар академияси президенти, профессор Қуаррайша Абдул Каримнинг шахсан ўзи Шаҳло Турдикуловани табриклаб, уни Диплом топшириш маросимига таклиф қилди:
“Ҳурматли профессор Турдикулова, Сизни 2025 йил 1 январдан бошлаб Жаҳон Фанлар Академияси (ТWАС) аъзолигига сайлаганлигингизни маълум қилишдан мамнунмиз.
Сизни чин юракдан табриклашга ижозат беринг. Сизнинг нуфузли Академияга сайланишингиз илм-фанга қўшган улкан ҳиссангиз ва унинг ривожланаётган мамлакатлардаги тараққиётининг яққол эътирофидир. Сизни аъзоларимиз қаторида эканлигингиздан фахрланамиз!"
Ўтган сайловда жами 74 нафар олимлар (50 нафар эркак ва 24 нафар аёл) сайланиб, ТWАС академикларининг умумий сони 1444 нафарга етди. Академикликка диплом топшириш маросими 2025 йил бошида Италиянинг Триест шаҳридаги Академия бош қароргоҳида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳло Уткуровна CОВИД-19 га қарши Ўзбекистон-Хитой вакцинасининг ҳаммуаллифи, Ўзбекистонда нашрлар сони бўйича энг юқори импакт-факторга эга, шунингдек, “Nature” журналида мақолалари уч марта чоп этилган мамлакатимиздаги ягона олимадир. У 2024 йил апрель ойида Фанлар академиясининг вице-президенти этиб тайинланди ва ташкилотнинг 80 йиллик тарихида ушбу лавозимни эгаллаган биринчи аёл бўлди. Ш. Турдикулова шунингдек, Илғор технологиялар маркази қошидаги инсон генетикаси ва биотехнологиялари илмий мактабининг асосчиси ва раҳбари ҳисобланади.
Шаҳло Турдикулованинг Бутунжаҳон фанлар академиясига аъзо этиб сайлангани Ўзбекистон илмий салоҳиятини юксалтириш, жаҳон илм-фанига қўшаётган ҳиссаси ортиб бораётганини намойиш этишда муҳим қадамлардан бири бўлди.