Валюта курслари 21/08/2025
$1 – 12466.44
UZS – -0.47%
€1 – 14517.17
UZS – -0.77%
₽1 – 155.42
UZS – -0.35%
Қидириш
Иқтисод 05/08/2025 Шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ҳудудларни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш, эскирган, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз, авария ҳолига келиб қолган бино-иншоотларни янгилаш, қулай ва энергия самарадор ҳолатга келтириш, шу жумладан, улардан самарали фойдаланиш ҳамда ер участкаларини қайта режалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар шаҳарсозлик реновацияси, деб эътироф этилмоқда. 

Мазкур қонун лойиҳаси билан шаҳарсозлик реновациясини амалга оширишнинг асослари, мақсадлари, мажбурий шартлари ва амалга ошириш тартиби белгиланмоқда.

Шу билан бирга, ҳар йили 145 мингта турар жойга бўлган талабни қондириш учун 2019 — 2023 йиллар давомида ўртача 60 мингта, 2024 йилда эса 100 мингта янги турар жойлар қурилган бўлиб, бу борада ўсиб бораётган эҳтиёжларни қондириш учун қўшимча ер ресурслари талаб этилмоқда.

Биринчидан, қонун лойиҳасида ҳеч ким реновацияда иштирок этишга мажбурланмаслиги ҳамда реновация ихтиёрийлик принципига асосланиши мустаҳкамланмоқда. Яъни шаҳарсозлик реновацияси лойиҳасини бошлаш учун барча ҳуқуқ эгалари билан нотариал тартибда келишув битими имзоланиши белгиланмоқда.

Иккинчидан, реновация лойиҳасини ташаббус қилиш учун ҳар бир объект ҳуқуқ эгаларининг умумий йиғилишини ўтказиш ва уларнинг камида бешдан тўрт қисмининг нотариал тасдиқланган ёзма розилигини олиш талаб этилади.

Учинчидан, қонун лойиҳасида шаҳарсозлик реновациясини амалга оширишда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйиляпти. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясида эканлиги, давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш учун барча зарур шароитларни яратиши, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини бузишига йўл қўйилмаслиги қатъий кафолатланмоқда.

Тўртинчидан, шаҳарсозлик реновацияси доирасида ҳуқуқ эгасининг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда хусусий мулк ҳуқуқини ҳамда ер эгасининг ерга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш борасида юзага келадиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар ҳуқуқ эгасининг фойдасига талқин этилиши акс этяпти.

Бешинчидан, лойиҳада турар ва нотурар жой мулкдорларига адолатли компенсация бериш тизими назарда тутилмоқда. Яъни, компенсация шаҳарсозлик реновацияси амалга ошириладиган ҳудудда янги қуриладиган турар ва нотурар жой объектини мулк қилиб бериш, бошқа жойдан турар ва нотурар жой объектини мулк қилиб бериш, турар ва нотурар жой объектларининг бозор қийматида пул маблағлари ёки  келишув битимида назарда тутилган бошқа шаклларда берилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, турар ва нотурар жой объекти компенсация сифатида берилганда бериладиган уй-жой майдони ҳуқуқ эгасининг реновация қилинаётган уй-жой майдонидан кам бўлмаслиги ҳамда яшаш учун тайёр ҳолда топширилиши ва биринчи навбатда, пастки қаватлардан таклиф этилиши кераклиги назарда тутилмоқда.

Реновация лойиҳаси “Шаҳарсозлик реновацияси” электрон платформаси, оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайтлари ва жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳолда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши шартлиги белгиланмоқда. Шунингдек, ренавация лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашига киритилади. 

Шаҳарсозлик реновацияси дастурига киритилган объектларни қуриш, реконструкция қилиш жараёнлари ҳуқуқ эгалари ва бошқа жамоатчилик назорати субъектлари учун “Шаҳарсозлик реновацияси” электрон платформасида қулай форматларда онлайн кузатиб бориш имконияти яратилиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, лойиҳада экология ва табиатга зарар етказмаслик принципи ҳам мустаҳакамланиб, лойиҳа ҳудудининг камида тўртдан бир қисми яшил майдонлардан иборат бўлиши, дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навлари, маданий ёдгорликлар қатъий ҳимоя қилиниши белгиланмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Умид Якубходжаев партия сайловолди дастурида реновация тўғрисида ишлаб чиқилаётган ҳар қандай қонунда уй-жой мулкдорлари, тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари мутлақ кафолатланишини асосий мақсадларидан бири сифатида эътироф этилганини таъкидлаб, реновация лойиҳаси ҳудудига тушган ер участкалари хусусий мулкда бўлган тақдирда, мазкур ер участкалари қай тартибда олиб қўйилади? деган саволни ўртага ташлади. Шунингдек, бунда шунчаки баҳоланган қийматда компенсация тўлаб эмас, келишув асосида қайта сотиб олиш орқали реновация дастурига киритилишини аниқ белгилаш таклифини билдирди.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамажанова қонун лойиҳаси партиянинг асосий электорати бўлган аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига нисбатан бевосита таъсир қилишига эътибор қаратиб, ушбу қонун лойиҳасида келтирилган тартиб ва қоидалар, кафолатлар эҳтиёжманд аҳолининг манфаатларини етарлича ҳимоя қиладими? деган саволни ўртага ташлади.  

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ноиба Иноятова бугунги кунда экологик муаммолар, яъни дарахтларнинг кесилиши, уларнинг атроф-муҳитга таъсирининг олдини олиш мақсадида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этилганини қайд этиб, қонун лойиҳасида дарахтларни кесишга йўл қўйилмаслиги ва яшил ҳудудларни ташкил этиш масаласи аниқ белгиланганлиги юзасидан аниқлаштирувчи савол берди.

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов қонун лойиҳасининг 6-, 7-, 21-, 26-, 29-моддаларида реновация лойиҳасини амалга ошириш мақсадида таклиф киритиш учун ҳуқуқ эгаларининг нотариал тартибда тасдиқланган дастлабки розилиги олиниши назарда тутилаётганини, бироқ, лойиҳада ушбу масала очиқ қолаётганига урғу берди. Халқ вакилининг қайд этишича, кейинчалик инвестор ваъда қилинган тўловдан ёки компенсация шаклидан воз кечса ёки тан олмаса нима бўлади? Шу боис, мулкдорларнинг дастлабки розилиги ҳам келишув битими тузиш орқали амалга оширилишини, унда ҳуқуқ эгалари ва реновацияни амалга оширувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, компенсация шакли ва миқдори акс этишини аниқ белгилаб қўйилиши кераклигини таъкидлаб, айрим моддалар бўйича ҳам ўз таклифини билдирди.

Қонун ташаббускорлари депутатларнинг саволларига атрофлича тушунтириш беришди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маромига етказишда инобатга олиниши таъкидланди.

Савол-жавоблардан сўнг, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг