Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 08/02/2024 Шаҳарларда хизматлар соҳасининг ривожланиши таҳлли этилди
Шаҳарларда хизматлар соҳасининг ривожланиши таҳлли этилди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари шаҳарларда хизматлар соҳасининг ривожланиш ҳолатини таҳлил қилишди.
Инфратузилма ва коммуникация имкониятларининг юқори бўлиши, корхоналар ва аҳолининг марказга интилиши туфайли шаҳарлар мамлакатда кўрсатилган хизматлар ҳажмининг катта қисмини таъминлайди.

Масалан,Буюк Британия хизмат кўрсатиш сектори экспортининг деярли ярми Лондон ҳиссасига тўғри келиб, шаҳарнинг улуши 2016-2021 йиллар оралиғида 38% дан 46% гача ошган. 

Ўзбекистонда 2023-йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 470,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 113,7% бўлди. Бунда республика ва вилоят бўйсунувидаги (32 та) шаҳарлар жами кўрсатилган хизматларнинг
62,1% ини (292,2 трлн. сўм) таъминлаган. Бу шаҳарларда кўрсатилган хизматларнинг 66,1% и Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми Тошкент (64,4 млн сўм), Урганч (33,2 млн сўм) ва Навоий (30,6 млн сўм) шаҳарларида энг юқори қийматларни ташкил этган бўлса, Қувасой (5,6 млн сўм), Хива (6,7 млн сўм), Шаҳрисабз (6,8 млн сўм) ва Каттақўрғон (6,9 млн сўм) шаҳарлари бу рейтингда охирги ўринлардан жой олади.

Таъкидлаш лозимки, Тошкентнинг хизматлар соҳасидаги улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Мамлакатда кўрсатилган хизматлар ҳажмида Тошкент шаҳрининг улуши 2019-йилги 33,9% (65,8 трлн. сўм) дан 2023-йилда 41,1% (193,2 трлн. сўм) га
етди.

Сўнгги 5 йилликда Хива (2,4 баробар), Гулистон (2,3 баробар), Тошкент, Жиззах ва Навоий шаҳарлари (ҳар бирида 2,2 баробар) хизматлар ҳажмининг ўсиши бўйича етакчи бўлди. Ўсишнинг энг паст кўрсаткичлари Оҳангарон (1,3 баробар), Янгийўл (1,4 баробар), Бекобод, Янгиер ва Каттақўрғон (ҳар бирида 1,5 баробар) шаҳарларида кузатилди.

Шаҳарларда кўрсатилган хизматлар ҳажми ошиб бораётган бўлса-да, Тошкентда хизматларнинг
концентрация даражаси ортиб бормоқда. Буни шаҳарларнинг соҳадаги улушининг қисқариб бораётганида кўришимиз мумкин. Хизматлар улушининг камайиши марказий шаҳарларда (Нукус шаҳри ва вилоятларнинг маъмурий марказлари) бошқаларига қараганда кўпроқ сезилган. Жумладан, сўнгги 5 йилликда мамлакат бўйича жами хизматлар ҳажмида марказий шаҳарларнинг улуши 3,1 фоиз бандга (19,2% дан 16,1% га) камайган бўлса, марказий бўлмаган шаҳарларда 0,2 фоиз бандга камайган (5,2% дан 5,0% га).

«Миллионлик шаҳарлар»га айлантириш мақсад қилинган Самарқанд ва Наманган шаҳарларининг мамлакатда кўрсатилган жами хизматлардаги улуши сўнгги 5 йилликда сезиларли ўзгармаган бўлса-да, 2022-йилга нисбатан кичик камайиш кузатилган.

Замонавий шаҳарларда хизматлар соҳаси иқтисодиётнинг устувор тармоғи ҳисобланади. Шундай экан, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мақсад қилинган урбанизация даражасини 51% дан 60% га оширишда шаҳарларда хизматлар соҳасини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса, ўз навбатида, шаҳарларда замонавий бозор хизматлари, IT, таълим, тиббиёт, юридик, санъат, туризм, меҳмонхона ва умумий овқатланиш ҳамда транспорт хизматларини ривожлантиришни талаб этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг