Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Туризм 07/06/2017 Сеулда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
Сеулда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликда ташкил қилинган тадбирда етакчи сайёҳлик компаниялари, вазирлик ва идораларнинг икки юздан ортиқ вакили қатнашди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, юртимизга келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борадаги давлат дастурларига мувофиқ ҳудудларда туризмнинг замонавий инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда, янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилиб, бунинг учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, юксак халқаро стандартларга мос келадиган тегишли инфратузилмани такомиллаштириш ва модернизация қилиш, юртимизга келаётган меҳмонлар учун хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича бажарилаётган кенг кўламли ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистон халқининг бебаҳо меъморий ёдгорликлари ва бой маданий меросини асраб-авайлаш, экологик, экстремал, ов қилиш, гастрономик, даволаш-соғломлаштириш туризми, альпинизм, балиқ овлаш, байкинг каби турли дам олиш ва кўнгилочар тадбирлар уюштириш, Муйноқ туманида халқаро туристик кластер ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Корея Республикаси Туристик агентликлар ассоциацияси раиси Янг Му Сонг мазкур тадбир Жанубий Кореянинг туристик компаниялари ва жамоатчилиги вакилларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари, жаҳонга машҳур архитектура ёдгорликлари ва турфа маданияти билан танишиш имконини берганини таъкидлади.

– Ўзбекистон туризмни ривожлантириш учун улкан маданий-этнографик, шунингдек, тарихий салоҳиятга эга, – деди Янг Му Сонг. – Бундай тадбирлар Ўзбекистон нуфузини янада ошириш ва Жанубий Кореядан мамлакатингизга сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилади. Жанубий Корея фуқароларининг Ўзбекистонга саёҳат қилишини кўпайтириш учун саъй-ҳаракатларни фаоллаштирамиз.

Корейс тилида намойиш этилган “Ўзбекистонга йўл” фильми иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Фильм орқали меҳмонлар Ўзбекистоннинг бой тарихий, маданий ва меъморчилик мероси, мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотга эга бўлди.

– Миллий анъана ҳамда жадал тараққиётни ўзида мужассам этган Ўзбекистон Осиё ва Европани бирлаштирадиган Буюк ипак йўлининг маркази ҳисобланади, – деди Сежонг университети профессори Юнг Жу Ан. – Ўзбекистон билан Жанубий Кореяни минг йиллик тарихий ришталар боғлаб турибди. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзнинг кўплаб тарихий-маданий объектлари ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани Ўзбекистоннинг жаҳон сайёҳлик бозорида катта мавқега эга эканидан далолат беради.

Ташкил этилган фотоэкспозицияда иштирокчилар юртимиз табиатининг бетакрор гўзаллиги ва хилма-хиллиги, қадимий шаҳарлари, ноёб архитектура ёдгорликлари, диққатга сазовор жойлари ва мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти кўрсаткичлари билан танишди. Ўзбекистон халқининг бой маданияти ва анъаналарини очиб берган амалий-безак санъати буюмлари намойиши ҳам иштирокчилар эътиборини тортди.

– Компаниямиз Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди «Lotte Hotel & Resorts» компанияси вице-президенти Пак Же Хонг. – Ўзбекистонда сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш ва модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани юртингизга сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилаётир.

– Мазкур тадбир жорий йилда туризм соҳасидаги муҳим воқеалардан бири бўлди, – дейди «Ameks travel» сайёҳлик компанияси президенти Ан Бёнг Чоль. – Жанубий Кореянинг сайёҳлик компаниялари ва туроператорлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишиш ва ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш учун қулай имкониятга эга бўлди. Айниқса, Ўзбекистон туризм соҳасида ҳам жадал ривожланаётгани, юртингизда жаҳон маданияти дурдоналарини асраб-авайлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани қувонарлидир.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея туроператорлари иштирокида B2B форматида ўтказилган учрашувларда мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга кўмаклашиш тўғрисида келишувга эришилди. Хусусан, Корея Республикасининг «Chanel A» ва «SBS» оммавий ахборот воситалари вакиллари Жанубий Корея сайёҳлик саноати вакилларини мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти билан таништириш учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Улар Ўзбекистоннинг меъморий ёдгорликлари, бой тарихи, ноёб маданий мероси ва ўзига хос анъана ва урф-одатлари тўғрисида ахборотни тарқатишда ёрдам беришга тайёр эканини таъкидлади. ЎзА.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг