Сенаторлар Туркия делегацияси билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раислари Орзигул Козихонова ва Алишер Агзамходжаев Туркиянинг Адолат ва тараққиёт партияси раиси ўринбосари, партиянинг туркий давлатлар билан ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Куршад Зорлу бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, ёшлар сиёсати ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати халқаро майдонда давлатимизни ишончли ҳамкор сифатида танитишга хизмат қилмоқда. Минтақавий барқарорликни таъминлаш, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш ва халқаро шерикликни кенгайтириш ушбу сиёсатнинг устувор йўналишларидандир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ёшлар масалалари бўйича изчил ва самарали ҳамкорлик шаклланмоқда. Таълим, маданият, волонтёрлик ва ёшлар лойиҳалари йўналишларида қўшма ташаббусларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашувда мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, “Ёшлар дафтари” тизими орқали ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, олий таълимдаги ютуқлар хусусида фикр юритилди.