Сенатда Япония билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Япония Бош вазирининг миллий хавфсизлик, ядровий қуролсизланиш ва уни тарқатмаслик масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси жаноб Акихиса Нагашима бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги вақт синовидан ўтган, ишончли дўстона муносабатлар ва стратегик ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.
Японя Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги асосий ташқи сиёсий ва иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Япония билан ҳамкорликда таълим, фан, рақамлаштириш ва инновация ҳамда тиббиёт йўналишларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, электр энергетикасини ривожлантириш, электр ишлаб чиқариш, энергия манбаларини қайта ишлаш ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорлик фаоллашмоқда.
Акихиса Нагашима Ўзбекистонда амалга оширилаётган тез суръатдаги ислоҳотлар натижасида барча жабҳаларда юз бераётган ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади. Мамлакатимизнинг ташқи сиёсатдаги очиқ, прагматик сиёсати халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётганини таъкидлади.
Айниқса, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги узоқ йиллик масалалар Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўз ечимини топаётгани ва яқин қўшничилик алоқалари мустаҳкамлангани ҳам қайд этилди.
Шу билан бирга, Япониянинг Марказий Осиё билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасидаги ташаббусларни илгари суриш ва йирик халқаро саммитга тайёргарлик жараёнлари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот давомида парламентлараро ҳамкорлик доирасидаги дўстлик гуруҳлари фаолияти, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ҳамда барча даражадаги парламент мулоқотини фаоллаштириш муҳимлигига аҳамият қаратилди.
Томонлар келгусида ҳам сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, кадрлар тайёрлаш ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлашди.