Сенат ялпи мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг бешинчи ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги маърузаси (ҳисоботи) кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Омбудсман институти 2024 йилда янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини олиб бориш, соҳага оид миллий қонунчилик ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда бир қатор ишларни амалга оширган.
Сенатнинг 2024 йил 30 мартдаги тегишли Қарори ижроси юзасидан такрорий мурожаатларнинг олдини олиш чоралари кўрилиши натижасида бу борада ижобий натижаларга эришилди. Такрорий мурожаатлар сони 2024 йилда 3 077 тани ташкил қилиб, олдинги йилга нисбатан 21 тага камайган.
Аҳолининг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш мақсадида “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида мамлакатимизнинг 86 та туман ва шаҳарларида тарғибот тадбирлари ўтказилган. Ўтган йили оммавий ахборот воситаларида Омбудсман фаолиятига оид 4 мингдан ортиқ чиқиш ташкил этилган.
Лекин ялпи мажлисда эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим камчилик ва муаммолар ҳам кузатилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Хусусан, 2024 йилда Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар сони (23 422 та) 2023 йилга нисбатан 4 800 тага ёки 25 фоизга ортган.
2024 йилда Омбудсманга йўлланган мурожаатлар кесимига эътибор берилса, жами мурожаатларнинг 31,8 фоизини ижтимоий ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлар ташкил этиши ва бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 82 фоизга ошгани маълум бўлади.
Хотин-қизлар ҳуқуқларининг чекланиши, оилада аёлнинг таҳқирланиши, оиладаги тинчликни таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олиш масаласида 294 та мурожаат келиб тушиб, олдинги йилга (133 та) нисбатан 121 фоизга кўпайган.
Шунингдек, Омбудсманнинг минтақавий вакилларига ушбу орган котибиятидан ҳамда фуқаролардан тўғридан-тўғри 3 857 та мурожаат келиб тушган. Бу қабул қилинган жами мурожаатларнинг атиги 16,4 фоизини ташкил этган.
Муҳокамалар давомида қонунчиликда белгиланган таъсир чораларидан самарали фойдаланиш, мурожаатларни энг кўп келиб тушган ҳудудлар кесимида ўрганиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда яратилган шарт-шароитлар ва у ерда сақланаётган шахсларнинг муаммолари билан яқиндан танишиш мақсадида мониторинг ташрифлари самарадорлигини ошириш, минтақавий вакилларнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Ушбу масала якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.