Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 12/04/2016 Сенат Марказий банк ҳисоботини тасдиқлади
Сенат Марказий банк ҳисоботини тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси Марказий банкнинг 2015 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлади.

Ялпи мажлисда таъкидланганидек, Марказий банкнинг ўтган йилдаги фаолияти «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонунга мувофиқ амалга оширилди ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 январда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган вазифаларни ва Марказий банкнинг аввалги ҳисоботлари якунлари бўйича қабул қилинган Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорларини бажаришга қаратилди.

Ҳисобот йилида банкларнинг капиталлашув даражасини оширишга, ликвидликни мустаҳкамлашга доир чоралар кўрилиши ва депозит базаси оширилиши натижасида юксак рейтинг кўрсаткичларига ва иқтисодиётнинг реал секторига ажратилаётган кредитлар ҳажми ошишига эришилгани сенаторлар томонидан қайд этилди. Банк тизимида эришилган кўрсаткичлар умумэътироф этилган халқаро нормаларга мос бўлибгина қолмай, балки айрим йўналишлар бўйича уларнинг баъзиларидан ортиқ ҳамдир.

2015 йилда банк тизимининг янада мустаҳкамланиши, банклар капиталлашув даражасининг ошиши ва инвестиция фаолиятининг кенгайиши таъминланди. Банк тизимининг умумий капитали 2014 йилга нисбатан 23,3 фоизга ошди ва 7,8 триллион сўмни ташкил этди. Охирги 5 йилда бу кўрсаткич 2,4 баравар ўсди. Мамлакат банк тизими капиталининг етарлилик даражаси қарийб 24 фоизни ташкил этди, бу эса Базель қўмитаси томонидан белгиланган умумэътироф этилган халқаро стандартларнинг энг кам даражасидан 3 баравар ортиқдир, банк тизимининг ликвидлиги энг юқори индикатор баҳолардан 2 баравар юқори бўлди.

Ҳисобот йилида банкларнинг жами активлари 25,1 фоизга кўпайди ва 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 65,2 триллион сўмни ташкил этди.

Пул-кредит сиёсати 2015 йилда истеъмол нархлари индекси бўйича мўлжалланган инфляция даражасини таъминлашга кўмаклашди. 2014 йилга нисбатан инфляция даражаси (6,1%) 0,5 фоизга пасайди ва 5,6 фоизни ташкил этди.

2015 йилда тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 27,3 фоизга ошди. Ички маблағлар ҳисобидан ажратилган кредитлар тижорат банклари кредит портфелининг умумий суммасида 86,7 фоизни ташкил этди, шундан 79,8 фоизи инвестиция мақсадларига ажратилган узоқ муддатли кредитлардир.

Банклар инвестиция кредитлари ҳажмларининг кенгайтирилиши иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш учун ҳамда техник ва технологик қайта жиҳозлашга доир инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун муҳим аҳамият касб этди. 2015 йилда тижорат банклари томонидан ушбу лойиҳаларга 10,2 триллион сўмлик кредитлар ажратилди, бу эса 2014 йилга нисбатан 20 фоизга кўп демакдир.

Иқтисодиётнинг техник ва технологик янгиланишини қўллаб-қувватлаш, унинг рақобатбардошлигини кескин ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, инновацион ва энергия тежовчи технологиялар асосида янги корхоналар ташкил этиш, жаҳон бозорида талабга эга янги маҳсулот турларини ишлаб чиқарувчи корхоналарни ўзлаштириш орқали банк тизимининг инвестиция сиёсатини кучайтириш натижасида молиявий-иқтисодий барқарорлик таъминланди.

Ҳисобот даврида кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан ажратилган кредит ҳажми 2014 йилга нисбатан 1,3 баравар ошди.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Улар ўз бизнесини яратишлари ва эгаллаган билим ҳамда кўникмаларини амалиётда қўллашлари учун уларга қарийб 280 миллиард сўм ажратилди, бу эса 2014 йилдагидан 1,3 баравар кўпдир.

Банк хизматлари турлари йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жумладан, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар ҳажми охирги беш йилда 3,5 баравар ошди, шу жумладан, 2015 йилнинг ўзида 1,3 баравар ошди.

Банк тизимининг барқарорлиги, унга бўлган ишончнинг ошиши, аҳоли даромадларининг кўпайиши аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бўш пул маблағларини депозитларга жалб қилишнинг кафолати бўлиб хизмат қилди.

Натижада 2015 йилда банк тизимида амалга оширилган ислоҳотлар иқтисодиётнинг юқори суръатларда барқарор ўсишини таъминлашнинг ва аҳоли фаровонлигини ошириб боришнинг асосий омили бўлиб хизмат қилди.

Мамлакат банк тизимида эришилган ижобий натижалар халқаро рейтинг агентликлари берган баҳоларда ўз аксини топди. Охирги олти йил мобайнида «Мудис» рейтинг агентлиги Ўзбекистон банк тизимига «барқарор» рейтингини бериб келмоқда.

Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳозирги вақтда тадбиркорлик фаолияти учун ишчанлик муҳитини яхшилаш соҳасида охирги йилда энг яхши натижага эришган жаҳон мамлакатларининг биринчи ўнталигига киради. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, «янги бизнесни қўллаб-қувватлаш» ва «кичик бизнес субъектларига кредитлар бериш» каби мезонлар бўйича Ўзбекистон охирги уч йилда 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди, ўтган йилнинг ўзидагина ўз рейтингини 63 ўринга яхшилаб олди.

Таъкидланганидек, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан барқарор пул-кредит сиёсатини олиб бориш давом эттирилди, банк тизими капиталини ошириш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги депозитлари миқдорини таъминлаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳисобига ва кўрсатиладиган банк хизматлари ҳажмини ошириш чоралари кўрилмоқда, шунингдек, банк назорати тизимига Базель қўмитасининг янги тавсияларини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Ҳисоботни муҳокама қилиш чоғида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни билдирдилар. Хусусан, банк-молия тизимининг барқарорлигини сақлаш, омонатчилар, қарз олувчилар ва кредиторлар манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг пул маблағларини узоқ муддатли депозитларга жалб қилиш ҳисобига банкларнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантириш, банкларнинг инвестиция фаолиятини юксалтириш, шунингдек, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилаётган лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида банклар ва бошқа молия муассасалари фаолияти устидан назорат қилиш самарадорлигини ошириш тавсия этилди.

Маълумки Олий Мажлис юқори палатаси 100 сенатордан ташкил топган бўлиб, унга республика хар бир ҳудудидан 6 нафардан вакил сайланади. Бундан ташқари, Сенатнинг 16 аъзоси Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатнинг баобрў вакиллари орасидан тайинланади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг