Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 29/06/2018 Сенат “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади
Сенат “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 28 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси иш бошлади. Ялпи мажлисда Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев олиб борди.

Сенаторлар ишни “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Қонун шахс, жамият ва давлатнинг экстремизмдан хавфсизлигини таъминлашга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга қаратилган.

Қонунда экстремизмга қарши курашишнинг асосий тушунчалари, принциплари ва йўналишлари, бу соҳада фаолиятни амалга оширувчи органлар доираси ва уларнинг ваколатлари, экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирлари, шунингдек, экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик назарда тутилган.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонун аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантиришга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга, шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга, халқаро умумэътироф этилган нормалар ва стандартларни ижро этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг