Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 30/09/2016 Сайлов – сиёсий фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади
Сайлов – сиёсий фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Марказий Сайлов комиссиясининг қарорига кўра жорий йилнинг 4-декабрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Шу муносабат билан ушбу муҳим тадбирни юқори савияда ташкил этиш учун жойларда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Ана шу мақсадда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг барча ҳудудий Кенгашлардаги туман (шаҳар) партия ташкилотларининг конференциялари бўлиб ўтмоқда.

O‘zLiDeP Самарқанд туман ташкилоти томонидан ташкил этилган навбатдаги конференцияда вилоят конференциясига делегатларни сайлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш, шунингдек, қуйи бўғинлар фаолиятини жонлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш, етакчилар сиёсий-ҳуқуқий билимларини юксалтириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, бўлажак сайлов партия ғояларини яна бир бор сайловчилар орасида кенг тарғиб қилиш, партиядан Президентликка кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури орқали электорат манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини беради. Шу боис миллий сайлов қонунчилигида сиёсий партияларга берилган ушбу имкониятдан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

– Олдимизда жуда ҳам муҳим вазифалар турганлигини барчамизга аён. Мана шундай маъсулиятни ҳис этиб, ҳар биримиз бўлғуси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этишимиз, сайловга тайёргарлик ишларини юқори даражада ташкил қилишимиз лозим, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд туман кенгаши раиси Манзура Маҳмудова. – Бунинг учун ҳар бир партия фаоли ушбу сиёсий жараённинг муносиб ўтишига ўз ҳиссасини қўшмоғи керак. Зеро, сайлов штабини партия ва партиядан кўрсатилган номзоднинг дастурлари билан таъминлаш, сайлов кампанияси даврида номзодни дастурини аҳолига чуқурроқ тушунтириш олдимиздаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Конференцияда шунингдек, партиянинг туман сайловолди штаби фаолиятини самарали ташкил этиш, штаб аъзолари таркибига замонавий сайлов ва сиёсий технологияларини пухта биладиган муносиб кадрларни киритиш, штабни бевосита туман кенгаши биносида жойлаштириш, улар фаолияти учун зарур шароитларни яратиш масаласига жиддий эътибор қаратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Умуман йиғилиш сўнггида Конференция кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, унда O‘zLiDeP Самарқанд вилоят партия ташкилотининг конференциясига тумандан делегатлар сайлаб олинди.

O‘zLiDeP Оқдарё туман Кенгаши конференциясида ҳам асосий эътибор сайлов жараёнида партиялараро соғлом рақобатни кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва унда муносиб иштирок этиш масалаларига қаратилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ўтказиш туман ва шаҳар партия ташкилотларидан ҳам фаолликни, ҳам ташаббускорликни талаб этади. Сабаби, сайловнинг қонуний, демократик тамойиллар асосида ўтиши жуда муҳимдир. Бунда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий маданияти, ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш лозим бўлади.

– Мамлакатимизда сайловга доир қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сиёсий партиялардан сайловга пухта ҳозирлик кўришни талаб этмоқда, – дейди O‘zLiDeP Оқдарё туман Кенгаши раиси ўринбосари Аҳрор Ҳамидов. – Шу боис, партия туман кенгаши сайловолди тадбирларига жиддий тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Зотан, сайловда иштирок этиш орқали халқ орасидаги партия нуфузини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлиш билан бирга, дастурий мақсад ва вазифаларимизни ҳаётга татбиқ қилишда муҳим қадам ташлаган бўламиз.

Тадбир давомида қуйи бўғинлар фаолиятини кучайтириш, депутатлар ва бошланғич партия ташкилотлари ҳамкорлигини кенгайтириш, жойларда ечимини кутаётган муаммоларни изчиллик билан ҳал этиш ва бошқа бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилиш сўнггида сайлов жараёнда партия туман кенгаши томонидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олиниб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг