Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 12/10/2016 Сайлов ҳуқуқи кафолатлари ва жавобгарлик
Сайлов ҳуқуқи кафолатлари ва жавобгарлик
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаси эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилди.

Сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро қоида ҳамда тамойилларига мос, фуқаролар хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган ҳуқуқий база шакллантирилди. Сайлов жараёнида очиқлик ҳамда ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.

Айниқса, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун қабул қилиниши юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва модернизация жараёнларининг мантиқий давоми бўлди. Конституциямизга киритилган ушбу ўзгартиш ҳамда қўшимчалардан келиб чиқиб, юртимиз парламенти томонидан сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси саккизта моддадан иборат бўлган янги боб – “Сайловлар ва референдумларни ташкил қилиш ва ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланган V1 боб билан тўлдирилди.

Мазкур кодексда сайлов қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик қатъий белгилаб қўйилиши сайлов эркинлиги принципи янада тўлиқроқ амалга оширилишига, мамлакатимиз сайлов тизими янада демократлаштирилишига, сайловнинг очиқ ҳамда ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини, сайловолди ташвиқоти, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузиш каби ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шунингдек, сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод ёхуд сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар содир этиш ҳам маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилишига олиб келади.

Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, сайлов комиссиялари ўз ваколати доирасида давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар ва мансабдор шахслардан мустақилдир. Зеро, сайлов жараёнини қонуний, адолатли ҳамда сайловнинг барча иштирокчиларига тенг шароитларда ташкил этиш учун сайлов комиссияси аъзоларининг мустақил ҳолда иш юритишлари ғоят муҳим тамойил ҳисобланади. Унинг амалда таъминланмаслиги сайловларнинг демократик моҳиятига жиддий путур етказади.

Сайлов комиссияси ишига аралашув айбдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради. Бундай ҳуқуқбузарлик мансабдор шахс томонидан хизмат ёки мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда, сайлов комиссиясининг муайян қарор чиқаришига ёхуд чиқармаслигига ундашга қаратилган ҳаракатларда намоён бўлади.

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлар округ ва участка сайлов комиссиялари, давлат органлари, сиёсий партиялар ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.

Шунингдек, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссияларининг, тегишли маҳаллий давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ҳамда ҳарбий қисмлар, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари учун мажбурийдир.

Сайлов комиссияларининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорларини бажармаслик мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради. Бу борада шунга эътибор берилиши керакки, маъмурий жавобгарлик сайлов комиссияларининг ҳар қандай қарорини ижро этмаслик оқибатида эмас, балки, биринчидан, уларнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларини, иккинчидан, сайловларни ташкил этиш билан боғлиқ қарорларини ижро этмаслик туфайли келиб чиқади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 513-моддасига кўра, сайлов комиссияларининг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ҳам мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Қонун ҳужжатларида сайлов жараёнининг махсус иштирокчилари бўлган депутатликка номзод, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод, ишончли вакил, кузатувчи ёки сиёсий партиянинг ваколатли вакили ҳуқуқларининг бузилиши маъмурий жавобгарлик келтириб чиқарадиган ҳуқуқбузарликлар сирасига киритилган.

Сайлов кампаниясини олиб бориш учун ажратилган бинолардан рўйхатга олинган депутатликка номзодлар сайловчилар билан учрашувлар ўтказишида тенг шароитлар яратиб берилмаслиги ҳам номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузиш сифатида баҳоланади ва юқорида қайд этиб ўтилган маъмурий жавобгарлик чорасини кўришга асос бўлади.

Сайловолди ташвиқотини сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш қатъий тақиқланган. Мазкур талаб демократик сайловларга қўйиладиган умумэътироф этилган халқаро стандартларга асосланган бўлиб, сайловга оид қонунчиликда ўз ифодасини топган. Жумладан, бундай норма “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида ҳам кўзда тутилган.

Сайлов жараёнида сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида депутатликка номзод, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ёки сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёхуд бошқа усуллар орқали тарқатиш тақиқланади. Бундай ҳаракатлар сайловчиларни чалғитиб, уларни ҳаққоний ахборот олиш ҳуқуқидан маҳрум этиш билан хоҳиш-иродани тўлиқ изҳор этишларига тўсқинлик қилади.

Шунингдек, сайловга оид ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш носоғлом рақобат усули бўлиб, бундай хатти-ҳаракат муайян депутатликка номзодга, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодга ёки сиёсий партияга қарши қаратилганлигидан ташқари, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини эркин амалга оширишига ҳам тўсқинлик қилади.

Сайловолди ташвиқоти материалларини йўқ қилиш ёки уларга ёзиш, бўяш, расм чизиш, матнларга чалғитувчи нотўғри тузатишлар киритиш йўли билан шикаст етказилиши маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йил 7 октябрда “Сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий иш юритишни расмийлаштириш юзасидан услубий тавсиялар” тасдиқланди.

Мазкур тавсияларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда, баённомани Марказий сайлов комиссияси аъзолари, сайловни ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари аъзолари тузишлари мумкин. Баённома тузиш учун сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишончли вакилларининг аризалари, участка сайлов комиссияларининг хабарлари, фуқароларнинг аризалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат ташкилотлари ва мансабдор шахсларнинг хабарлари, оммавий ахборот воситаларининг хабарлари асос бўлади.

Сайлов комиссияси аъзолари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда эса, баённома юқори турувчи сайлов комиссияси аъзолари томонидан тузилади. Баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича ашёвий далиллар билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб бир суткадан кечиктирмай уни тузган шахс томонидан жиноий ишлар бўйича тегишли туман (шаҳар) судига юборилиши белгилаб қўйилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сайлаш ва сайланиш фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан бири бўлиб, ушбу ҳуқуқлар жиноят қонунчилиги билан ҳам муҳофаза қилинади.

Сайловга оид қонун ҳужжатларида фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини амалга оширишларига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатувчи шахслар, шунингдек, сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, яширин овоз бериш принципини бузган ёки сайловга оид қонун ҳужжатлари бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, бошқа мансабдор шахслар, сиёсий партияларнинг вакиллари қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик масаласи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146 ва 147-моддаларида белгиланган бўлиб, унга кўра, сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳамда сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакиллар ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш каби ҳаракатларнинг содир этилиши жиноий-ҳуқуқий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Сайлов жараёнида зўрлик ишлатиш, алдаш, қўрқитиш ёки оғдириб олиш йўли билан фуқаронинг сайлов ҳуқуқларини эркин амалга оширишига ёки депутатликка ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари ишига тўсқинлик қилиш каби ҳаракатларнинг содир этилиши ҳам жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ривожланган демократик давлатларда ҳам сайлов қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Масалан, Германия, Швейцария, Нидерландия сингари давлатларнинг жиноят қонунчилигида сайловларни ўтказишга зўравонлик ёки қўрқитув йўли билан тўсқинлик қилиш, сайлов натижаларини, сайлов ҳужжатларини сохталаштириш, сайлов сирини ошкор қилиш, сайлов ҳуқуқини амалга оширишга зўравонлик билан қаршилик кўрсатиш сингари қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Демак, сайловга оид қонунчиликни бузганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи нормалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига асосланган ва ривожланган демократик давлатларнинг қонунчилик амалиёти ҳамда тажрибасига ҳам мос келади, деб хулоса қилишга асос бўлади.

Сайлов қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланиши сайлов эркинлиги принципининг тўлиқ амалга оширилиши, мамлакатимиз сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайловнинг очиқ-ошкоралиги принципларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Асқар ҒАФУРОВ,
юридик фанлар номзоди, доцент.
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг