Валюта курслари 23/09/2024
$1 – 12729.83
UZS – 0.04%
€1 – 14207.76
UZS – -0.11%
₽1 – 137.46
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 11/11/2016 Сарвар Отамуратов Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди
Сарвар Отамуратов Сирдарё вилояти сайловчилари билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2016-йилнинг 11-ноябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратовнинг Сирдарё вилояти сайловчилари ва жамоатчилиги билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда турли соҳалар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Сирдарё вилояти филиали директори Жамолиддин Комилов очиб берди ва олиб борди.

Учрашув Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларининг сайловчилари билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтди.

Дастлаб номзоднинг ҳудуддаги ишончли вакили Норбобо Соатов йиғилганларни Сарвар Отамуратов таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг номзод сайловолди Дастурининг асосий йўналишларини баён этди.

Номзод жорий йилнинг 4-декабрида бўлиб ўтадиган Президент сайлови мамлакатимиз, халқимиз қаторида сирдарёликлар ҳаётида ҳам ғоят муҳим ўрин тутадиган ижтимоий-сиёсий тадбир эканлигини алоҳида эътироф этди.

Учрашувда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратов таъкидлаганидек, мустақил Ўзбекистон тарихининг ҳозирги даврида олдимизда ниҳоятда масъулиятли вазифа турибди. Шуларни инобатга олган ҳолда, номзод Дастурида юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни барқарор ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини изчил юксалтириб бориш, Ватанимизнинг дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши йўлидаги эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқариш бўйича стратегик ва устувор вазифалар белгиланган.

Номзод сайловчиларни ўз Дастури билан таништирар экан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси маънавий-маърифий соҳани ўзининг дастурий мақсад-вазифалари ичида етакчи ўринга қўйганлиги кенг жамоатчилик ва сайловчиларга яхши маълум эканлигини таъкидлади. Чунки ўзлигини англаган, қадрият ва анъаналарини эъзозлаган, тарихий хотирасини асраган халқ иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар тараққиётга юз тутади.

Мамлакатимизда бу соҳада эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш энг муҳим вазифа. Биз доимо миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғусини мустаҳкамлаш масалаларига устувор аҳамият берганмиз ва бундан буён ҳам ушбу ҳаётий масалалар диққат-марказимизда бўлади, деб таъкидлади Сарвар Отамуратов.

Шундай экан, аввало “Баркамол авлод — миллат таянчи” тамойили остида биз ёшлар онгини халқимизга ёт бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилишимиз даркор. Уларнинг қалби ва онгига миллий тикланиш ғоясини сингдириш, миллий маънавият ва қадриятлар руҳида тарбиялашни янада кучайтиришимиз лозим. Бунда кино, театр ва эстрада санъатида халқимизнинг бой ва бетакрор тарихи, маданияти, анъаналари ва илғор урф-одатларини таъсирчан бадиий образлар орқали ифода этадиган асарларнинг дунёга келишига кўмаклашиш ҳамда уларни тарғиб қилиш асосий вазифамиздир.

Учрашувда Президентликка номзод Сарвар Отамуратов сайловолди Дастурида белгиланган вазифаларга тўхталар экан, бугунги кунда миллат генофондини асраш ва соғлом авлодни вояга етказиш масаласи муҳим вазифа эканлигини таъкидлади. Бу борада номзод Дастурида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш, аҳолининг овқатланиш маданиятини юксалтириш каби вазифаларнинг белгиланганлиги муҳим аҳамиятга эгадир.

Шу ўринда номзод сайловчилар эътиборини ҳаётимизда мавжуд яна бир муаммога қаратди. У ҳам бўлса, айрим ҳолларда бўлса-да, вояга етмаганлар ўртасида турмуш қуриш ҳолатлари ҳали-ҳамон учраб турганлигидир. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод қайд этганидек, эрта турмуш ва эрта туғуруқларнинг олдини олиш борасида аниқ ва таъсирчан чоралар кўриш, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишлари, жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолида эрта никоҳга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш лозим. Оила ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш бўйича кенг кўламли ишларни изчил давом эттириш даркор. Зеро, буюк аждодларга баркамол авлод муносиб!

Шунингдек, учрашувда Сарвар Отамуратов Дастурда сиёсий ва суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий, ахборот, спорт ва ташқи сиёсат соҳаларида белгиланган жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштириш, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнларини янги босқичга кўтаришнинг энг мақбул ечим ва устувор йўналишларига тўхталиб ўтди. Бу каби вазифалар сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Номзоднинг Дастурини қўллаб-қувватлаб Гулистон давлат университети кафедра мудири А.Йўлдошев, Гулистон шаҳридаги 17-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Б.Алимова, Мирзобод туманидаги 29-умумтаълим мактаби директори Ў.Гадоев, Сирдарё тумани агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси раиси Б.Исаев ва бошқалар сўзга чиқдилар.

Учрашув сўнгида Сарвар Отамуратов иштирокчиларнинг барча саволларига жавоб берди.

Учрашувда номзоднинг ишончли вакили ва сўзга чиққанлар сайловчиларни Президентликка номзод Сарвар Отамуратовга овоз беришга чақирди.

ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши Ахборот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг