Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 09/09/2023 Саноат маҳсулотларини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди
Саноат маҳсулотларини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди

Саноат маҳсулотларини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 8 сентябрь куни тармоқ ва ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Иқтисодиётга инвестиция ва илғор технологиялар фаол жалб этилаётгани натижасида саноат изчил ривожланмоқда. Жорий йилнинг етти ойида юртимизда саноат маҳсулотлари ҳажми 5,7 фоизга ўсиб, 345 триллион сўмга етган. Бу кўрсаткич электр техникаси саноатида 46 фоиз, енгил автомобилларда 16 фоиз, қурилиш материаллари тармоғида 12 фоиз, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришда 11 фоизни ташкил қилган.

Иш тўғри йўлга қўйилган жойларда ҳам ўзгариш бўлмоқда. Хусусан, саноат кўрсаткичи Бандихонда 45 фоиз, Китобда 19 фоиз, Қизириқда 18 фоиз, Кегейлида 14 фоиз ўсган. Шу каби 25 та туман ва шаҳарда саноат ҳажми 10 фоиздан зиёд кўпайган.

Умуман, йил бошидан буён мамлакатимиз бўйича 2 мингта янги саноат лойиҳаси ишга туширилиб, йил якунигача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилди.

Мисол учун, “Пистали” олтин конида янги металлургия заводи муддатидан олдин қувватга киритилгани ҳисобига, шу йилнинг ўзида қўшимча 840 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Заводдаги қарийб 50 миллион долларлик ускуналар саноат кооперацияси асосида ўзимизда тайёрланган.

Лекин, ҳамма тармоқ ва ҳудудда ҳам имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. 34 та туман ва шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан пасайган. Айрим тармоқларда, жумладан, фармацевтика, чарм-пойабзал, тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт суръати секинлашган.

Йиғилишда қайд этилганидек, соҳада янги имконият ва захираларни аниқлаш учун ҳудудларга ишчи гуруҳлар юборилган. Мисол учун, Тошлоқ туманида 23 та корхона қувватларини тиклаш ва 22 та янги лойиҳани тезлаштириш ҳисобига йил якунигача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги аниқланган.

Яна бир имконият – туманларда саноат кооперациясини кенгайтириб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш.

Масалан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати маҳаллий саноат корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиб, полимер, қуйма эҳтиёт қисмлар, кимёвий реагент каби 1 триллион сўмлик маҳсулотлар олмоқда. Худди шундай имкониятлар Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Хоразмда ҳам бор.

Ишлаб чиқариш барқарорлигидаги асосий масалалардан бири – энергия таъминоти. Шу боис Бош вазир раҳбарлигидаги комиссияга қўшимча ишлаб чиқаришни ҳисобга олган ҳолда, ҳудудларнинг ойма-ой энергия балансини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Саноат корхоналарини олдиндан хабардор қилмасдан туриб, электр таъминотидан узиш мумкин эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди.

Йил якунигача 232 та маҳаллий саноат корхонасида маҳсулот ҳажмини ошириш, 210 та йирик саноат лойиҳасини тўлиқ ишга тушириш зарурлиги қайд этилди. Саноат жамғармасидан самарали фойдаланиш, зарар кўриб ишлаётган саноат корхоналарини соғломлаштириш, экспортчиларга транспорт жиҳатидан кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда тармоқ раҳбарлари ва вилоят ҳокимлари йил якунигача мўлжалланган ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари, саноат корхоналарини куз-қиш мавсумида энергия ресурслари билан таъминлаш чоралари бўйича ахборот берди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг