Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 01/06/2024 Саноат маҳсулотлари ва янги лойиҳалар тақдимот қилинди
Саноат маҳсулотлари ва янги лойиҳалар тақдимот қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Давлатимиз раҳбари Бухоро вилоятининг саноат кўргазмаси ва янги инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Саноат тармоқларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда режалаштирилган лойиҳалар ҳамоҳанг тақдимот қилинди.
Кўргазмада иситиш тизимлари учун катта ва кичик қозонлар, оғир ва енгил саноат учун деталлар, турли ўлчам ва қувватдаги совутгичлар, электротехника ускуналари, мотоцикллар кўздан кечирилди. Шунингдек, давлат харидларини тартибга солиш механизми намойиш этилди.
Охирги етти йилда вилоятга қарийб 4 миллиард долларлик инвестициялар жалб этилган. Уларнинг натижасида 90 мингта иш ўрни ва 1 миллиард 800 миллион долларлик экспорт имконияти яратилган. Жорий йил вилоятда 1 миллиард 300 миллион долларлик 607 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бухоро вилоятида хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 14 миллиард долларлик 80 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан 4 миллиард долларлик 14 тасини  инвесторлар ва тармоқ раҳбарлари биргаликда тақдимот қилди.
Лойиҳаларга Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Малайзия, Жанубий Корея каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Лойиҳалар қурилиш материаллари, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт, кончилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Масалан, Хитой билан ҳамкорликда Ғиждувон туманида 600 МВтга тенг шамол электр станциясини қуриш, малайзиялик инвестор томонидан Пешку туманида графит конини ўзлаштириш ва электроскутерлар учун аккумляторлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, эронлик инвесторлар томонидан Бухоро туманида кимё кластерини ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Мазкур 80 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 22 минг 200 тадан ортиқ аҳоли иш билан таъминланади.
Президентимиз қўшилган қийматли маҳсулотларни ва маҳаллийлаштиришни кўпайтириш, хизматларни ривожлантириш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг