Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 15/07/2016 Россия ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро ҳамкорликдан манфаатдор
Россия ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро ҳамкорликдан манфаатдор
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин раҳбарлигидаги Россия делегацияси 2016-йилнинг 12-14-июль кунлари Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик Россия учун устувор ва узоқ муддатли стратегик вазифалардан ҳисобланади. Бу ҳақда 2016-йилнинг 12-июль куни Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида Марказий Осиё минтақасида биринчи маротаба ўз ишини бошлаган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида иштирок этган Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин маълум қилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин билан музокаралар ўтказди. Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг мева ва сабзавотларини Россия бозорига етказиб бериш масалаларини муҳокама қилишди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розиқулов ва Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин россиялик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар иштирокида ташкиллаштирилган давра суҳбатида иштирок этишди.

Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левин шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан ҳам учрашди. Мазкур учрашувда ҳам асосий эътибор икки томонлама ҳамкорлик масалаларига қаратилди.

Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Сергей Левиннинг баёнот беришича, Россия Ўзбекистондан сабзавот ва меваларни кўпроқ олишга катта эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда РФ Президенти Владимир Путин Россия ҳукуматига мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистон томони билан алоқаларни фаоллаштириш борасида топшириқ берган.

Левиннинг қўшимча қилишича, Россия Ўзбекистон томони билан ҳар томонлама ўзаро алоқаларга тайёр. “Биз ўзаро манфаатли икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга хайрихоҳ эканлигимизни билдирамиз”.

Россиялик амалдорнинг қайд этишича, Тошкентда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси Ўзбекистон ва Россия ўртасида аграр соҳадаги ўзаро ҳамкорликни янги поғонага олиб чиқишида аҳамияти катта.

Тошкентда ўтказилган учрашувлар якунларига кўра, Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ўртасидаги мева ва сабзавотларни етказиб бериш борасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Протокол имзоланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг