Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 11/01/2023 Россия-Украина можаросининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири
Россия-Украина можаросининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Россия-Украина можаросининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ўрганилди.

Зиддият оқибатлари Ўзбекистон иқтисодиётига асосан инфляция, ташқи савдо, уй хўжаликларининг бирламчи ва иккиламчи даромадлари, кўчмас мулк ва фоиз каналлари орқали таъсири ўрганиб чиқилди.

Мазкур таҳлилда 2022 йилнинг 10 ойига тааллуқли статистик маълумотлардан фойдаланилди. Бунда иқтисодий диагностика ва иқтисодий моделлаштиришнинг DSGE усули қўлланилди. Можаро таъсири 2022 йилнинг март ойидан бошлаб кейинги 18 ой учун 3 хил сценарийда (хом ашё нархи ошиши, пул ўтказмаларининг камайиши, меҳнат бозорининг қисқариши) симуляция қилинди. 

Таҳлил натижаларига кўра: 

- дунёда инфляцияга асосан озиқ-овқат ва энергия нархларининг кескин кўтарилиши таъсир қилаётган бўлса, Ўзбекистонда энергия нархлари асосан давлат назорати остида бўлганлиги сабабли инфляциянинг тезлашишига кўпроқ озиқ-овқат ва хизматлар нархининг ўсиши сабаб бўлмоқда. 

- 2022 йилнинг февраль ойида йиллик озиқ-овқат нархлари ўсиши 13,1% гача секинлашган бўлса, октябрь ойига келиб 16,3% гача кўтарилди. Мазкур даврда меҳмонхона ва ресторан хизматлари нархининг йиллик ўсиши 14,7% дан 23,3% гача тезлашди.

- 2022 йилнинг март-октябрь ойларида Ўзбекистоннинг Россияга экспорти ҳажми 2021 йилнинг мос давридагига қараганда 47% га ошди. Шундай бўлсада, глобал бозорларда товар ва хом ашё нархларининг сезиларли кўтарилиши номинал экспорт ҳажмининг кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Мисол учун, март-октябрь ойларида Россияга пахта ип-калаваси экспорти 41% га ортган. Лекин, ушбу даврда пахта толаси нархлари ўзгариши ҳисобга олинганда, реал ўсиш 8% ни ташкил қилади. Таъкидлаш керакки, 2022 йилда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курсининг барқарорлашуви маълум даражада ташқи шокларнинг салбий таъсирини юмшатди. 

- Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистонга россиялик 318 минг нафардан ортиқ фуқаро келган. ПМТИ экспертлари томонидан 750 нафар релокант резюмесини ўрганиш натижаларига кўра, келаётган мутахассисларнинг ўртача ёши 32 ёшни ташкил этади. Иш қидираётганларнинг 93% дан ортиғи олий маълумотли ва ўртача 8 йиллик иш стажига эга. Ўзбекистонга асосан муҳандислар (барча резюмеларнинг 18% и), IT мутахассислари (15%), менежерлар, маркетологлар, бошқарув мутахассислари ва маъмурий ходимлар (30%), ўқитувчилар (7%), шифокорлар ва фармацевтлар (6%), шунингдек, молиячилар (4%) келмоқда.

- пул ўтказмалари таркибида Россиянинг улуши ошиб кетиши кузатилди; 2022 йилнинг март ойида Россиядан пул ўтказмаларининг Ўзбекистонга жами пул ўтказмаларидаги улуши 50% гача тушиб кетган бўлса, май ойига келиб ушбу кўрсаткич 85% га етди (2021 йилда 70%, 2020 йилда 72% ни ташкил этган эди);

- 2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида хонадонларнинг 1 кв. метри учун нархлар ўтган йилдагига нисбатан ўртача 27% га ошган, яъни ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг ноябрида 849 АҚШ долларига тенг бўлди ва 2022 йилнинг ноябрида 1078 АҚШ долларига етди.

Уй-жой нархларининг жиддий ошиши бошқа давлатларда ҳам кузатилди. Global House Price Index маълумотларига кўра, юқори инфляция ва ипотека фоиз ставкаларининг кўтарилиши аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини чеклаганига қарамай, 2022 йилнинг биринчи чорагида дунёнинг 56 та мамлакатида уй-жой нархлари ўртача 10,2 фоизга ошган. Нархларнинг ўсиши глобал ўзгаришлар натижасида пул оқимларининг кўчмас мулк бозорига йўналтирилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

-Инфляциянинг тезлашиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини яшаш харажатлари ошишидан ҳимоялаш учун давлат харажатларининг ошишига сабаб бўлди. Масалан, 2022 йилнинг 9 ойида ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари 14,5 триллион сўмга етди. Бу эса 2021 йилнинг мос давридагига нисбатан 1,9 баробар кўп демакдир. 

DSGE модели симуляция натижаларига кўра, жаҳон бозорида хом ашё нархларининг 1% га кўтарилиши:

- 2023 йилда Ўзбекистон иқтисодиётидаги реал ўсишнинг 2 фоиз пунктга секинлашишига олиб келиши мумкин;

- Инфляциянинг қўшимча 0,4 фоиз пунктга ошишига, шу жумладан импорт инфляциясининг

0,3 фоиз пунктга ўсишига сабаб бўлади. Зарба таъсири кейинги 4 чорак давомида сезилади.

- оралиқ истеъмол товарлари нархларининг ошиши натижасида маҳаллий ишлаб чиқаришнинг қисқариши сабабли экспорт 1 фоиз пункт ва импорт 0,4 фоиз пунктга камаяди. Бу эса бандлик даражасининг 1% гача қисқаришига олиб келиши мумкин.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг