Республикада мойли экинларни етиштириш ривожлантирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “Республикада мойли экинлар етиштиришни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (438-сон, 14.07.2025 й.) қабул қилинди.
Қарор билан республика ҳудудларида мойли экинлар уруғликларини етиштиришга ихтисослаштириладиган туманлар тасдиқланди.
Қарорга кўра, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган майдонларнинг 5 фоизигача алмашлаб экиш тизимида мойли экинлар экилишига рухсат берилади.
Кунгабоқар экинининг тупроқ унумдорлигига таъсирини инобатга олиб, асосий ва такрорий майдонларга экилган кунгабоқар экинидан кейин сидерат экинларини экиш ва тупроқ остига шудгор қилиш амалиёти қўлланилади.
Қайта ишловчи ёғ-мой корхоналари билан маҳсулот етиштирувчи субъектлар ўртасида мойли экинлар ҳосилини харид қилиш бўйича шартномалар "Агроплатформа" ахборот тизими орқали тузилади.
2026 йил ҳосилидан бошлаб, мойли экинлар етиштириладиган майдонларнинг аниқ ҳисоб-китоби юритилади ва ушбу экин майдонларининг 500 гектарида илмий асосланган алмашлаб экиш тизими жорий қилинади.