Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 12/10/2023 Қуёш панелларини суғориш каналлари устига ўрнатиш орқали йилига 42,8 млрд. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин
Қуёш панелларини суғориш каналлари устига ўрнатиш орқали йилига 42,8 млрд. кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари томонидан қуёш панелларини ўрнатишда сув фонди ерларидан фойдаланиш имкониятлари таҳлил қилинди.

Энергия ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчига етказишдаги харажатлар ва йўқотишларни камайтириш мақсадида қуёш панеллари истеъмолчига яқин ҳудудларга ўрнатилади. Афсуски, бундай майдонларнинг етарли эмаслиги қуёш панелларини жойлаштириш имкониятини чеклаши мумкин. 

Қуёш панелларининг аҳоли пунктидан узоққа жойлаштирилиши энергия йўқотилишига, у эса ўз навбатида электр энергияси нархининг ошишига олиб келади. Бу муаммони ҳал этиш учун ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас.

Ривожланган мамлакатларда қуёш панеллари маълум конструкция ёрдамида сув ўтказувчи каналлар саҳнига 1,5-4,5 метр баландликда ўрнатилади. Масалан, Голландияда Solar Canals лойиҳаси доирасида 73 минг дона қуёш панели ўрнатилган ва улар йилига 27 миллион киловатт/соат электр энергиясини ишлаб чиқаради. 

Республикамиз сув хўжалиги тизимидаги суғориш каналларининг умумий узунлиги 29,7 минг километрни ташкил этади. Агар каналларнинг эни шартли равишда ўртача 3 метр деб ҳисобланса, қуёш панелларини жойлаштириш учун қарийб 8,9 минг гектар (89,1 млн.кв.м) бўш майдон мавжуд. 

Мавжуд технологиялар ёрдамида 1 квадрат метр қуёш панели орқали соатига камида 200 ватт электр энергиясини ишлаб чиқариш мумкин. Агар йил давомида 300 қуёшли кунда ўртача 8 соатдан электр энергияси ишлаб чиқарилади, деб ҳисобланса, 1 квадрат метр майдонда йил давомида 480 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин.

Демак, суғориш каналлари юзасидаги 89,1 млн. квадрат метр бўш майдонда йилига 42,8 млрд. киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. 

Давлат бюджетидан ирригация тизимларини лойиҳалаш, қайта жиҳозлаш ва капитал (суғориш каналлари, ариқларни) таъмирлаш ишлари учун 1 трлн. 250 млрд. сўм ажратилади. Қуёш панелларини давлат-хусусий шериклик асосида ўрнатиш эса бюджет ҳаражатларининг бир қисмини қоплайди. 

Қуёш панелларини суғориш каналлари саҳнига жойлаштиришнинг ижобий томонлари:

- қуёш панеллари қиймати нисбатан арзон ва бўш турган майдонга ўрнатилади;

- электр энергиясини ишлаб чиқариш харажатлари ва уни етказишдаги йўқотишлар камаяди;

- сув саҳнини қуёш нуридан ҳимоялайди ва суғориш тизимларида катта миқдордаги сув буғланишининг олди олинади;

- каналларни реконструкция қилиш, таъмирлаш, қайта жиҳозлаш ҳамда қирғоқларини ободонлаштириш учун қўшимча молиявий маблағ шаклланади.

Ушбу таклифни тажриба лойиҳаси шаклида давлат-хусусий шериклик асосида аҳолиси зич жойлашган Фарғона иқтисодий ҳудудидаги суғориш канали ёки унинг маълум бир қисмида амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг