Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 14/02/2023 Қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида Вьетнам тажрибаси
Қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида Вьетнам тажрибаси

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари электр энергетикаси тизимини ислоҳ қилиш борасида Вьетнам ва бошқа мамлакатларда амалга оширилган ишларни ўрганди.

2017-йилда Вьетнам энергетика секторида электр энергиясини ишлаб чиқаришда қуёш энергиясидан деярли фойдаланилмасди. Вьетнам ҳукумати ислоҳотлар жараёнида ушбу секторни йирик қуёш фермалари томонидан ишлаб чиқарилган энергияни юқори нархда (1 киловатт соати учун 9 цент) сотиб олиш орқали қўллаб-қувватлади. Натижада, 2019-йилга келиб, қуёш энергиясидан режада кутилган 850 МВт қувват ўрнига 5 ГВт га тенг электр энергияси ишлаб чиқарилди. 

Вьетнамда қуёш энергиясидан самарали фойдаланиш борасидаги ислоҳотлар муаммосиз кечмади. Деярли барча янги объектлар мамлакатнинг қуёшли жануби-шарқий қисмида жойлашганлиги, маҳаллий тармоқда ортиқча зўриқишни келтириб чиқарди. Вьетнам электр энергияси корхонаси баъзан ҳаддан ташқари кўп ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиб олишда муаммоларга дуч келди.

2020-йилда Вьетнамда электр энергиясининг деярли чорак қисми қуёш панеллари воситасида ишлаб чиқарилди. Ушбу даврга келиб, мамлакатда 9,3 ГВт қувватга эга бўлган юз мингдан ортиқ қуёш панеллари ўрнатилган эди. Бу кўмирда ишлайдиган қарийб олтита электр станциясининг қувватига тенг.

Вьетнамнинг қайта тикланувчи манбалардан фойдаланадиган энергетика секторига инвестицияларни жалб этиш жуда муваффақиятли бўлди. Масалан, 2021-йилда қуёш энергиясидан олинадиган қувват 17,6 ГВтга етди. Атроф-муҳитга ўртача 14 минг тонна карбон диоксиди чиқиб кетишининг олди олинди. Бутунжаҳон кўмир ассоциацияси маълумотларига кўра, энг замонавий кўмир электр станциялари ҳам бир ГВт/соат энергия олиш учун 800 тонна CО2 чиқаради.

Мамлакатда қуёш энергиясидан электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги “муваффақият сири” рағбатлантириш дастури орқали қисқа вақт ичида қуриб ишга туширилган лойиҳалар учун 20 йил амал қиладиган "яшил" тарифлар билан боғлиқ.

Шунингдек, Индонезияда ҳам қуёш энергиясидан самарали фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар олиб борилди. Хусусан, 2015-йилда мамлакатда ўша пайтдаги энг йирик қуёш электр станцияси ишга туширилди ва ишлаб чиқариш таннархи бир киловатт соат учун 25 центни ташкил этди. Бу жуда юқори таннарх эди. Кўплаб янги қуёш станциялари ишга туширилиб, соҳанинг ривожланиши натижасида 2022-йилга келиб, бир киловатт соат энергияни 6 центдан сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди. 

2012-йилда Ҳиндистонда қуёш панелларини уйларнинг томларига жойлаштиришни ўз ичига олган ва ушбу мақсадга ҳисса қўшадиган йирик лойиҳалар бўлмаган. 2022-йилда эса қўшимча 14 ГВт қувватга эга қуёш электр станциялари ишга туширилди. Истиқболда Ҳиндистон 2032-йилга бориб, электр энергияси ишлаб чиқаришда қуёш энергиясининг улушини 23 фоиз (333,5 ГВт) га етказишни мақсад қилган. 

Бугунги кунда саноатда янги технологиялар ва материалларнинг кенг қўлланилиши туфайли уларнинг нархи арзонлашмоқда. Бу эса қуёш панеллари воситасида электр энергиясини ишлаб чиқариш харажатлари бир неча баробар камайишига олиб келаяпти. 

Ушбу мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, улар қайта тикланадиган энергия манбаларидан (ҚТEМ) фойдаланиш кўламини оширишга тараққиёт дастурларини қабул қилиши, маъмурий тўсиқларни камайтириши, ҚТEМ учун шароит яратиши, шу жумладан қазиб олинадиган ёқилғи орқали ишлаб чиқариладиган энергия учун ажратиладиган субсидияларни тўхтатиши, тармоққа уланишни осонлаштириши, маъмурий қоғобозликни камайтириши орқали эриша олди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг