Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 30/09/2016 Қонунчилик палатаси Меҳнат вазирининг ҳисоботини тинглади
Қонунчилик палатаси Меҳнат вазирининг ҳисоботини тинглади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Жорий йилнинг 29-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирининг “2016-йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ахборотини эшитдилар.

Эшитув давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг минтақалар ва муайян корхоналар кесимида Бандлик дастури амалга оширилишининг тизимли мониторинги ва таҳлилини ўтказишга доир фаолияти, меҳнат бозорида талаб ва таклифни ўрганиш натижалари ҳамда 2016-йил учун тасдиқланган кўрсаткичларни бажариш юзасидан унинг асосида қабул қилинган зарур қўшимча чора-тадбирлар, янги ташкил этилаётган иш ўринлари хусусидаги кўрсаткичларнинг тўғрилиги устидан назоратни кучайтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликдаги ишлари тўғрисидаги ахборот тақдим этилди.

Таъкидлаб ўтилдики, тегишли чора-тадбирлар амалга оширилганлиги, шунингдек, асосан саноатда, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида, уй-жой қурилишида янги объектларнинг ишга туширилганлиги, кичик бизнес, фермер ва деҳқон хўжаликларининг жадал ривожланганлиги жорий йилнинг январь-июнь ойларида 462,5 минг кишининг бандлигини таъминлаш имконини берди. Иш ўринларининг 59,8 фоизи қишлоқ жойларида ташкил этилди.

Иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларига ишга жойлашиш борасида меҳнат органлари томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш орқали кўмак кўрсатилди. Натижада бандликка кўмаклашиш туман ва шаҳар марказлари томонидан ишга жойлаштириш юзасидан мурожаат қилган 124,6 минг фуқаро доимий ва вақтинчалик иш билан таъминланди, 52,6 минг фуқарога меҳнатга оид қонун ҳужжатлари бўйича ҳамда ишга жойлашиш имкониятлари хусусида ахборот ва маслаҳатлар берилди.

Шу билан бирга, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг “2016-йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилишининг бориши тўғрисида”ги ахборотини ижобий баҳолаган ҳолда, Дастурда назарда тутилган барча чора-тадбирлар комплексини амалга оширишда фойдаланилмаган имкониятлар ҳамда камчиликлар борлигини, хусусан, Дастурнинг бажарилиши юзасидан мониторинг ва таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг бошқа тегишли давлат органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлигини яхшилаш зарурлигини таъкидлаб ўтдилар.

Эшитув якунларига кўра, муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тегишли қарор қабул қилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг