Валюта курслари 04/09/2025
$1 – 12374.55
UZS – -0.39%
€1 – 14425.01
UZS – -0.23%
₽1 – 153.13
UZS – -0.76%
Қидириш
Қонун маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларда жамият қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурматни шакллантиришга қаратилган

Қонун маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларда жамият қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурматни шакллантиришга қаратилган

Қонун маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларда жамият қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурматни шакллантиришга қаратилган

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Қонун жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг оила ва жамиятдан узилиб қолишини олдини олиш, китоб ўқишини рағбатлантириш орқали қонунга итоаткор, маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилгандир.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига маҳкумларнинг жазони ўташ муддати улар тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан,  Жиноят кодекси жазони ўташ муддатини шахс тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартиришни назарда тутувчи 741-модда билан тўлдирилмоқда.

Бунда маҳкумлар томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган, маҳкумларда тўғри маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиса ва ушбу китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланган тақдирда жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача Комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Ушбу норма фақат жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши назарда тутилган (умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлардан ташқари) шахсларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.

Қонунчиликка киритилаётган ушбу ўзгартиришлар бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 13,5 мингдан ортиқ маҳкумларга нисбатан татбиқ этилади.

Шу билан бирга, Қонун билан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонунга ҳам профилактик ҳисобга олиш асослари мақбуллаштирилишини ҳамда профилактик ҳисобга олинадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик турлари уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, хусусияти, келгусида жиноий қилмиш содир этилиши мумкинлиги каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 12810 ва 131-моддаларида назарда тутилган, яъни йўл безорилиги ва транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқарганлик учун содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун суд томонидан муайян муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларни профилактик ҳисобга олиниши алоҳида тоифа сифатида белгиланмоқда.

2024 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган
11 мингга яқин шахс томонидан 23 582 та йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг оқибатида 1 019 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, унда 295 нафар фуқаро вафот этган ва 873 нафари жароҳатланган.

Шу боис йўл-патруль хизмати ходимларига профилактика инспекторлари томонидан кўмаклашиш амалиёти йўлга қўйилади ва бу орқали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишини барвақт олдини олиш ва ўз вақтида аниқлаш имкониятлари кенгайтирилади.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Қонуннинг қабул қилиниши маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларда жамият қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурматни шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга, профилактик ҳисобга олинган шахслар билан олиб бориладиган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш орқали мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашишга ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади..

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг