Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз темир йўл тармоғини модернизация қилиш, аҳолига қулай, арзон ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатиш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона шаҳридан Қўқон ва Андижон шаҳарларига электропоездлар ҳаракати йўлга қўйилаётгани бу борадаги муҳим қадамлардан бўлди.
Фарғона-Қўқон темир йўлининг узунлиги 69,2 километр, Фарғона-Андижон йўналишининг узунлиги 69,5 километрни ташкил этади.
Вилоятда энг кўп йўловчилар оқими Қўқон шаҳрига, сўнгра Олтиариқ тумани, Марғилон ва Фарғона шаҳарларига тўғри келади.
Президентимиз топшириғига кўра вилоят марказида йўловчиларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиш мақсадида электропоездлар қатнови йўлга қўйилмоқда. Электропоездларда арзон, қулай, экологик тоза, хавфсиз хизмат кўрсатилади.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ушбу йўналишлар учун 5 электропоезд модернизация қилинди. Натижада транспорт воситаларининг ташқи ва ички қиёфаси бутунлай ўзгарган. Вагонларга кондиционер ўрнатилган, ўриндиқлар замонавийсига алмаштирилган.
Ҳар бир поезд 6 вагондан иборат. Бир йўналишда 600 йўловчига хизмат кўрсатилади. Электропоездлар соатига 120 километр тезликда ҳаракатланади.
Жорий йил охиригача Фарғонадан Марғилонгача бўлган 7,7 километр темир йўлни электрлаштириш ишлари якунланади. Хориждан яна 10 электропоезд олиб келиш режалаштирилган.
Президентимиз мазкур электропоездлар қатновининг йўлга қўйилиши вилоят аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Илгари Фарғонада электропоезд қатнайди деса, биров ишонмасди. Энди Қўқондан Андижонга бир соатда етиб бориш мумкин. Бу ҳам халқимизнинг узоғини яқин қилиш, одамлар манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларимизнинг мевасидир, деди Шавкат Мирзиёев.
Мазкур ишларни изчил давом эттириш, Фарғона шаҳар вокзали биноси қурилишини ниҳоясига етказиш, электропоездларда йўловчиларга сервис хизмати кўрсатишни такомиллаштириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди. ЎзА.