Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Иқтисод 14/04/2016 Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва харид қилишнинг ягона тизими шаклланмоқда
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва харид қилишнинг ягона тизими шаклланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- O‘zLiDeP ўз фаолиятида тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш асосида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш ва диверсификация қилиш, қишлоқда ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратади. Партия қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш, қишлоқ жойларда қайта ишловчи ишлаб чиқаришларни жадал ривожлантириш масалаларига катта аҳамият беради. Ишонамизки, бу ички бозорни тўлдириш, аграр тармоқнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, пировардида, қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадларини оширишни таъминлайди.

Шу муносабат билан жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ўз вақтида қабул қилингани ва муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз. Жумладан, ушбу қарорга мувофиқ 2016 йилги ҳосилдан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмасини жорий этилмоқда.

Давлат буюртмаси доирасида маҳсулотларни саноат асосида қайта ишлаш учун харид қилиш, маҳсулот етказиб берувчилар – фермер ва деҳқон хўжаликлари ва истеъмолчилар – «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган контрактация шартномалари асосида амалга оширилади.

Икки муҳим жиҳатга эътибор қаратамиз. Биринчидан, шартномалар тузиш шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бўнак бериш орқали амалга оширилади. Иккинчидан, ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум фермер ва деҳқон хўжаликларидан келишилган, бозор нархларида харид қилинади. Бундай ёндашув партиямиз электоратининг манфаатларига тўлиқ мос келишига ишонамиз.

Жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида 2016 йилги ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузиш учун Халқаро мева-сабзавот маҳсулотлари ярмаркасини ўтказиш, доимий фаолият кўрсатадиган майдонни ташкил этиш ва унинг базасида ҳар йили октябрь ойида келгуси йил учун экспорт шартномалари тузишни ташкил қилиш мақсадида хорижий компанияларнинг фаол иштирокида ярмарка тадбирларини ўтказиш ҳам муҳим қарорлардан биридир.

Умуман, партиямиз фикрича, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорининг ижро этилиши мамлакатимиз қайта ишлаш корхоналарини хомашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, шунингдек, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни шакллантиришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг