Валюта курслари 26/11/2024
$1 – 12814.78
UZS – -0.11%
€1 – 13442.70
UZS – 0.73%
₽1 – 123.50
UZS – -1.13%
Қидириш
Иқтисод 14/04/2023 Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизими такомиллаштирилмоқда
Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизими такомиллаштирилмоқда

Республикадаги фермер хўжаликлари дала четларидаги ер майдонларини ўзлаштириш, уларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларнинг ишончли харидини ташкил қилиш ишларини тизимлаштириш, ушбу тизимга алоҳида масъул ташкилотни бириктириш ҳамда дала чети ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Республикадаги фермер хўжаликларининг дала четларида 58,9 минг гектарга яқин майдонлар бугунги кунда ер эгалари томонидан тўлиқ фойдаланилмаётгани Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан аниқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигига (кейинги ўринларда – Агентлик) фермер хўжаликларининг дала четларини ўзлаштириш, уларда маҳсулотлар етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларнинг ишончли харидини ташкил қилиш вазифаси юклатилсин.

3. Агентликка:

дала четларида ишларни тўғри ва сифатли ташкил қилиш, ер эгаларига экишдан бошлаб маҳсулотни реализация қилишгача бўлган даврда амалий ёрдам бериш учун 2023 йилда ҳар бир туманга 4 нафаргача, жами 672 нафаргача мавсумий агрономларни ишга қабул қилишга рухсат берилсин;

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ва Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти бириктирилсин.

Агентлик тизимидаги штат бирликлари доирасида қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини жорий қилишга масъул бўлган директор ўринбосари штати жорий қилинсин.

Белгилансинки, мавсумий агрономларнинг 2023 йилдаги иш ҳақларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар олинган бюджет ссудаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга берилган кредитлар фоиз ставкаси ўртасидаги тафовут натижасида Агентлик ихтиёрида қоладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

4. Агентликка бириктирилган илмий-тадқиқот институтларига қуйидаги вазифалар юклатилсин:

фермер хўжаликларининг дала четларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича илмий асосларни ишлаб чиқиш, сабзавот, полиз ва картошка экинлари селекцияси ютуқларини ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароитларидан келиб чиқиб қўллаш;

фермер хўжаликларининг дала четларида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, ҳосилини сақлаш, уларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг самарали, уйғунлашган инновацион услубларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ҳар бир туманда семинар ва тренинглар ўтказиб бориш.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 5 апрелдаги “2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-113-сон қарори доирасида Агентликнинг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 2023 йилда ажратилиши кўзда тутилган 400 миллиард сўм бюджет ссудаси ҳисобидан 100 миллиард сўм йиллик 10 фоиз ставкада қуйидаги мақсадлар учун сарфланиши белгилансин:

дала четини ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғ, кўчатлар, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, моддий-техник ресурслар билан таъминлаш;

сув билан таъминлаш учун насос ва қувурларни ўрнатишга қарз шартномаси асосида, нақд пул шаклида қишлоқ хўжалиги корхоналари ва дала чети ер эгаларига 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада қарз ажратиш.

Бунда, берилаётган қарз маблағлари олинаётган даромаднинг 50 фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Мазкур қарор доирасида Агентлик томонидан талабгорларнинг энг яхши таклифларини танлаш усули орқали қарз маблағлари уларнинг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича суғурта полиси тақдим этилгандан сўнг ажратилиши белгилансин.

Агентликка дала четларига кредит асосида насос ва қувурларни ўрнатиб, сув билан таъминлаш чораларини кўриш учун уч томонлама шартнома асосида корхоналарни жалб қилишга рухсат берилсин.

6. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.Хаитов) қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналарни харид қилишга Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ ажратсин.

Ушбу маблағлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан:

қишлоқ хўжалиги корхоналарига 36 ойгача имтиёзли давр билан 84 ой муддатга йиллик 14 фоиз ставкада ажратилсин. Бунда, кредит суммасининг 60 фоизи бўйича гаров таъминоти сифатида ўрнатиладиган қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналар олиниши, 40 фоизи бўйича гаров таъминоти сифатида уларнинг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича суғурта полиси олиниши белгилансин;

ташаббускорларга қуритиш цехи ва совиткичли омборхоналар ўрнатиб берилгандан сўнг маҳсулот етказиб берувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб бериш шарти билан ажратилсин.

7. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида қишлоқ хўжалиги ерлари атрофида коллектор-дренаж тармоқлари мавжуд бўлган фермер хўжаликларига зовур сувларида 200-250 бошдан ўрдак боқиш ва асалари уяси ташкил қилишучун йиллик 14 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ажратилсин.

8. Фермер хўжаликларининг дала четида экиладиган экин ва етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, боқиладиган парранда ва асалари уялари ҳамда совиткичли омборхона ва қуритиш ускуналарини жойлаштириш бўйича прогноз кўрсаткичлар 1-4.13-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

9. Фойдаланилмай бўш турган дала четлари ҳамда коллектор-дренаж тармоқлари атрофларидаги қишлоқ хўжалиги экинлари ер майдонларида маҳсулотларни етиштириш учун 5-иловага мувофиқ тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига вазифалар юклатилсин.

10. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2023-2025 йилларда Сирдарё вилоятида фойдаланилмай бўш турган дала четлари ҳамда коллектор-дренажлар атрофларидаги 500 гектар майдонда ихчам “ижтимоий иссиқхона”ни ташкил қилиб, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга тайёр ҳолда 2,5 сотихдан ажратилишини таъминласин.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “ижтимоий иссиқхона” лойиҳасини амалга оширишни молиялаштириш учун халқаро молия институтларидан 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ресурсларини жалб қилсин.

11. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Агентлик йил якунига қадар дала четларида ишларни ташкиллаштиришга жалб қилинган мавсумий агрономлар ижобий натижасини таҳлил қилган ҳолда, ушбу тизимни кейинги йилларда ҳам жорий қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига асосланган таклиф киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 6-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.

15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.А.Хаитов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2023 йил 12 апрель

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг