Валюта курслари 25/11/2024
$1 – 12829.07
UZS – -0.12%
€1 – 13344.80
UZS – -1.21%
₽1 – 124.91
UZS – -1.92%
Қидириш
Иқтисод 08/07/2023 «Қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ҳуқуқларни ишончлик ҳимоя қилиш, уларни бозор активига айлантириш ҳамда яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш» мавзусида давра суҳбати
«Қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ҳуқуқларни ишончлик ҳимоя қилиш, уларни бозор активига айлантириш ҳамда яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш» мавзусида давра суҳбати

Инсоният олдида турган энг долзарб муаммолардан бири глобал иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган қурғоқчилик, чўлланиш ва деградация масаларидир. Йилдан-йилга ёғингарчиликнинг камайиб бораётганлиги қурғоқчиликнинг давомий бўлишига, табиий ўсимликларининг қуришига ва чўлланиш жараёнларининг тезлашишига олиб келмоқда. Натижада, ушбу ҳолатлар мамлакат иқтисодиётига, жумладан қишлоқ хўжалигига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатмоқда.

2023-йил 7-июль куни Тошкентда ўтказилган «Қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ҳуқуқларни ишончлик ҳимоя қилиш, уларни бозор активига айлантириш ҳамда яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш» мавзусидаги давра суҳбати ушбу муаммонинг ечимини излашга бағишланди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Қайд этиш жоизки, ФАО Глобал Экологик Жамғармаси (GEF) томонидан молиялаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш орқали яйловларни барқарор бошқариш, экотизимни сақлаш, ерларнинг деградацияси, қурғоқчилик ва шўрланишга қарши курашишга катта ҳисса қўшмоқда. Бу лойиҳалар «Ўзбекистоннинг қурғоқчиликка учраган экотизимларида яйловлар ва ўрмонларни барқарор бошқариш», «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва уни қайта тиклаш таъсирини баҳолаш дастури» хамда «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси.

Лойиҳаларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2022 йил 10 июндаги «Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорларини амалга оширишга ҳисса қўшади.

Ҳозирги кунда республикамизда 21,1 млн гектардан зиёд яйловлар мавжуд бўлиб, улар чорвачилик, ипакчилик, асаларичилик каби қишлоқ хўжалиги тармоқлари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Лекин, яйловлардан фойдаланиш бўйича амалдаги тартиб-қоидалар уларни асраш, биохилма-хилликни таъминлаш, уруғчилик хўжаликларини ташкил қилиш, аграр тадбиркорликни ривожлантириш ва маҳсулот етиштириш учун талаб даражасида эмаслиги боис, янги таҳрирда «Яйловлар тўғрисида» ги қонун лойиҳаси ҳамда яйлов майдонларини ижарага бериш тартиби ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад кенг жамоатчиликнинг, хусусан, олимлар ва мутахасисларнинг эътиборини яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда барқарор бошқариш билан боғлиқ долзарб муаммолар ва уларни самарали ечими бўйича ислоҳотларни белгилаб олишга қаратилган. 

Ҳозирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тасарруфида жами 17,4 млн гектар яйлов ер майдонлари мавжуд. 

2018-2022-йилларда «Ўздаверлойиҳа» институти томонидан 10 млн гектар яйловларда геоботаник тадқиқотлар ўтказилган бўлиб, шундан 640 минг гектар яйловларнинг турли даражада деградацияга учраганлиги аниқланган.

Деградациянинг асосий сабаблари яйловларда алмашлаб боқишни ташкил этилмаганлиги, юкламанинг кўпайиб кетиши, инфратузилма объектларининг ишдан чиққанлиги, ўсимликлар уруғчилигини етарли даражада ташкил қилинмаганлиги, қурғоқчил мавсумларнинг давомийлиги ҳисобланади.

Тадбирда яйловлар деградациясига қарши курашиш борасида барча кучларни ягона мақсад сари бирлаштириш орқали дунёнинг илғор давлатлари тажрибаларини, янги замонавий инновацион технологияларни соҳага жорий этиш, яйловлардан илмий асосланган ҳолда оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил қилишимиз лозимлиги ҳақида сўз борди.

Давра суҳбати илғор тажрибалар ва илмий янгиликлар асосида яйловлар деградациясига қарши курашишда муҳим қадам бўлиб, келажакда озиқ-овқат хавсизлигини

таъминлашда, глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсирларини юмшатишга қаратилган барқарор ривожланиш йўлида аниқ стратегик мақсадларни белгилаб олишда улкан хизмат қилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг