Қирғизистонлик кинологлар Миллий кинология марказида малака оширишади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида Қирғизистон Республикаси Божхона хизмати кинологлари учун бир ойлик ўқув курси ўз ишини бошлади. Унда кинологлар «CITES» халқаро конвенциясига киритилган “Ёввойи фауна объектларини қидириш” йўналиши бўйича тайёргарликдан ўтади.
Ўқув семинарларининг очилишида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Зоология институти, “Флора ва Фауна” халқаро ташкилоти, «ЭКОМАКТАБ» экология-ресурс маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Семинар доирасида қирғизистонлик кинологларга ўқув жараёнида фойдаланиш учун хизмат итлари топширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти Миллий кинология маркази ва иштирокчиларга Марказий Осиё ёввойи фауна объектларининг намуналари жамланмасидан иборат ўқув қуролларини тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, Миллий кинология марказининг халқаро ҳамкорлик йўналишлари тобора кенгайиб бориши билан бир қаторда хорижий давлатлар билан тажриба алмашиш ва қўшма ўқув дастурларини амалга ошириш изчил давом эттирилмоқда.