Қарши шаҳрида «Biss electronics system» МЧЖ томонидан 2018 йилда телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланган эди. Ўтган давр мобайнида корхонанинг йиллик қуввати 2-3 баробарга ошиб, ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш зарурати юзага келди.
Шундан сўнг, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг амалий кўмаги билан корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида қўшимча жой ажратилди. Бугун ушбу ҳудудда қурилиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
- Лойиҳа қиймати 1,5 млн.доллар бўлиб, йиллик қуввати 60 минг донани ташкил этади. Бунинг натижасида ҳудуддаги 150 нафар ёшлар иш билан таъминланади, – дейди корхона раҳбари Шуҳрат Муротов. – Амалдаги корхонамизнинг бугунги қуввати бозор талабларини тўлиқ қоплашга етмаяпти. Эндиликда бу лойиҳа орқали биз 65 дюймгача бўлган янги авлод телевизорларини ишлаб чиқарамиз.
Лойиҳа 2022 йил март ойида ишга туширилади.