Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Молия 25/01/2023 Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражасини таҳлил қилди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари Ўзбекистон банк тизимидаги рақобат даражасини таҳлил қилди.

Мазкур тадқиқотда Херфиндал-Хиршман индекси (Herfindahl–Hirschman Index, HHI) дан фойдаланилди. Херфиндал-Хиршман индекси бозор концентрациясининг умумқабул қилинган ўлчовларидан бири ва ундан бозор рақобатбардошлигини аниқлашда фойдаланилади. HHI 1500 дан паст бўлган бозор рақобатбардош бозор, HHI 1500 дан 2500 гача бўлган бозор ўрта даражада концентрациялашган, HHI 2500 ёки ундан юқори бўлган бозор эса юқори даражада концентрациялашган ҳисобланади.

Сўнгги 5 йилда Ўзбекистон банк тизимида рақобат активлар бўйича ҳам, кредитлар бўйича ҳам, депозитлар бўйича ҳам ортиб бормоқда. 2018 йилнинг 1-январь ҳолатига кўра, активлар бўйича HHI индекси 1520 га тенг бўлган, 2022 йил 1-декабрь ҳолатига кўра, 1016 гача пасайган. Ушбу кўрсаткич кредитлар бўйича 1709 дан 1082 гача тушди. 

Депозитлар бозорида бозор иқтисодиёти тамойилларига асосан фаолият олиб борилиши сабабли банклар ўртасида депозитлар учун кураш мавжуд ва бу кураш йилдан йилга кучайиб бормоқда. Ушбу тенденция депозитлар бўйича Херфиндал-Хиршман индексининг 919 дан 852 гача тушганида ҳам яққол намоён бўлмоқда. 

Активлар. Давлат улуши мавжуд бўлган энг йирик банклар бешталиги (Ўзбекистон Миллий банки, «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асакабанк», «Ипотекабанк», «Агробанк») нинг банк тизими активларидаги улуши 70,9% дан 60,5% гача камайди. Давлат улуши мавжуд бўлган бошқа банкларнинг улуши 11% дан 18% гача ошган бўлса, хусусий банкларнинг улуши 18,1% дан 21,5% гача кўпайди. 2025 йилга бориб, банк тизими активларининг умумий ҳажмида давлат улуши бўлмаган банкларнинг активлари улушини 60% гача ошириш режалаштирилган.

Мазкур даврда банк тизимига «Тенге банк», «ТБC банк», «Анорбанк», «Узум (Апельсин)банк» ва «Пойтахт банк» кириб келди. Ушбу банкларнинг жами активлардаги улуши 1,8% га етди.

Кредитлар. Энг йирик банклар бешталигининг жами кредит портфелидаги улуши 77% дан 64% гача камайди. Хусусий банкларнинг улуши 11,6% дан 16,6% гача кўпайган бўлса, давлат улуши мавжуд бошқа банкларнинг улуши 19% га етди. Хусусий банклардан «Капиталбанк», «Ҳамкорбанк», «Ипак йўли банки» тижорат кредитлари бозорида давлат улуши мавжуд бўлган банклар учун ҳам, бошқа хусусий банклар учун ҳам жиддий рақобатчига айланди. «Капиталбанк»нинг жами кредит портфелидаги улуши 1,2% дан 3,8% гача ошган бўлса, «Ипак йўли банки»нинг улуши 1,8% дан 2,1% га кўпайди. «Ҳамкорбанк» эса бозордаги 3% лик улушини сақлаб келмоқда. 

Депозитлар. 2018 йилнинг бошида энг йирик банклар бешталиги банк тизимидаги жами депозитларнинг 51,2% га эгалик қилган бўлса, 2022 йилнинг 1-декабрига келиб, уларнинг улуши 46,9% гача қисқарди. Хусусий банклар томонидан жалб қилинган депозитлар улуши 34,1% дан 36,4% гача кўпайди. Давлат улуши мавжуд бўлган бошқа банкларнинг депозит бозоридаги улуши 2 фоиз пунктга – 14,7% дан 16,7% гача ошди.

Депозитлар бозорида давлат улуши мавжуд бўлган банклар ва хусусий банклар ўртасидаги рақобатдан кўра, хусусий банклар ўртасидаги ўзаро рақобат кучлироқ ҳисобланади. ЎзКДБ банкнинг ушбу бозордаги улуши 8,6% дан 3,6% гача камайган бўлса, «Капиталбанк» ўз улушини 4,8% дан 10,9% га етказиб олди.

«Ҳамкорбанк» депозитлари улуши 5,5% дан 3% гача камайди.

Депозитлар учун рақобатнинг кучайиши муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкаларининг жозибадорлигида ҳам ўз аксини топади. Масалан, 2017 йилнинг апрель ойида юридик шахслар муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 5,8% ни ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг декабрь ойига келиб 12,1% гача кўтарилди, 2022 йилнинг декабрь ойида эса 16,9% га етди. Жисмоний шахсларнинг муддатли депозитлари бўйича ўртача ставка эса сўнгги 2 йилда 20% ни ташкил этиб келмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг